Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Теҳронда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди
2018-04-17 | Туризм
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хорижий давлатлардан сайёҳларни янада кўпроқ жалб қилиш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишларини узлуксиз давом эттирмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 9-10 апрель кунлари ташаббуси билан Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 12 мажлиси доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Маданият ишлари вазирлиги вакиллари томонидан Теҳронда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.
Бизнес-форум давомида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари Маданий мерос, ҳунармандлик ва туризм вазири ўринбосари Моҳамед Моҳеб Худой, шунингдек Лейла Аждари вазирлигининг маркетинг ва реклама департаменти бошлиғи ҳамда ITAO Эрон туроператорлари Ассоциацияси маслаҳатчиси Маҳмоуд Бонакдиа билан учрашди.
Музокаралар чоғида ўзбек томони мусулмон сайёҳлар учун учун яратилган шарт-шароитлар, кўплаб бой маданий мерослар – Ислом маданияти маркази, Ислом Академияси, Имом ал-Бухорий илмий-тадқиқот маркази ва бошқа маданий обидаларни қайта тиклаш бўйича ташкил этилган янги институтлар ҳақида, шунингдек, ҳалол сертификатлаш, замонавий туристик инфратузилмани жорий этиш тўғрисида сўзлаб берди. «Ўзбекистонга ташриф буюришнинг 10 та сабаби» номли брошюралар ва материаллар Эрон туроператорлари Ассоциацияси аъзоларига тарқатилди.
Шуниси қувонарлики, энди янги очилган Ўзбекистон-Эрон савдо уйи мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини доимий тарзда ёритиб борадиган бўлди. Унда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти бўйича тарқатма материаллар тақдим этилади.
2017 йилги статистик маълумотларига кўра, Эрон Ислом Республикасининг 10 миллионга яқин фуқароси чет элга саёҳат қилган ва кўп ҳолларда улар оилавий саёҳатга чиқишган. Шунинг учун Эрон томони Ўзбекистон билан зиёрат ҳамда тиббий туризм йўналиши бўйича ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги