Андижон вилоятига Қозоғистон Республикаси Олмаота вилояти ҳокими Омондиқ Баталов бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Президентимиз томонидан қўшни мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган изчил ташқи сиёсат самарасида қўшни давлатлар билан ҳудудлараро ҳамкорлик кенгаймоқда. Хусусан, Андижон вилояти Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод вилоятлари ҳамда Россия Федерацияси ва Қозоғистоннинг қатор ҳудудлари билан дўстона алоқаларни йўлга қўйди.
2017 йилда Андижон вилоятидан Қозоғистонга 121 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Ушбу мамлакатдан вилоятга 40 миллион долларлик маҳсулот етказиб берилган.
Олмаота вилояти делегациясининг мазкур ташрифи ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, товар алмашуви ва аҳолининг борди-келдисини янада фаоллаштиришга хизмат қилади.
Музокара чоғида меҳмонларга вилоятнинг экспорт имкониятлари хусусида маълумот берилди. Жумладан, кенг турдаги саноат товарлари, автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар, кабель маҳсулотлари, қурилиш материаллари, трикотаж ва чарм-атторлик буюмлари етказиб бериш юзасидан фикр алмашилди.
Қўстанайда «GM Uzbekistan» автомобиллари йиғилиши бошлангани, айни кунда вилоятда қозоғистонлик тадбиркорлар капитали иштирокида қўшма корхоналар фаолият олиб бораётгани ўзаро муносабатларда янги саҳифа очиши қайд этилди.
Делегация аъзолари вилоятдаги қатор саноат корхоналарида бўлиб, ишлаб чиқариш ва экспорт имкониятлари билан танишди. Ташриф якунида ҳамкорлик бўйича ўзаро манфаатли келишувлар имзоланди.
Фаҳриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА