Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хорижда ишлаётган фуқароларга яна бир имтиёз
2018-04-16 | Жамият
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан аҳоли, айниқса, ёшларни ишга жойлаштириш самарадорлигини ошириш, хорижда ишлаётган юртдошларимизнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнат муҳофазасини кучайтириш ва хорижга ишга юбориш тизимини такомиллаштириш борасида белгиланган вазифалар юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуманда тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар, янги иш ўринлари яратиш, ёшларни иш билан таъминлаш, ташқи миграция масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида вазирликнинг туман, шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига иш сўраб мурожаат қилган 54 мингга яқин фуқаро доимий иш билан таъминланган, 63 мингга яқини ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган. Ҳозиргача уч мингдан ортиқ ишсиз фуқаро тикувчилик, тўқувчилик, электрик, пайвандчилик, компьютер техникаси оператори ва бошқа шу каби меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича касбга ўқитилган.
Шунингдек, матбуот анжуманида энг долзарб масалалардан бири меҳнат миграцияси ҳам кенг муҳокама қилинди. Вазирликнинг Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан бугунги кунда Россия, Польша, Жанубий Корея, Япония давлатлари билан ташқи меҳнат миграцияси соҳасида фаол ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган бўлиб, улар хорижда ишлаш истагини билдирган фуқароларимизга зарур шароитлар яратишга кўмаклашмоқда. Юртимизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган минтақавий бюроларда хорижга кетувчи фуқаролар ўқитилиб, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда.
Тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли агентлик томонидан хорижда ишлаш учун бориш истагини билдирган фуқароларга бир қанча имтиёзлар яратилмоқда. Жумладан, уларга "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси чипталарига чегирмалар, шунингдек, чипта харид қилиш харажатларини қоплаш учун бир йилда бир маротаба 300 минг сўм миқдоридаги беғараз тўлов тақдим этилади. Бундан ташқари, меҳнат мигрантлари транспорт ва бошқа харажатлари учун "Ипотекабанк" орқали 1000 АҚШ долларигача кредит олиши мумкин. Ҳозир бундай имкониятлардан минглаб фуқароларимиз фойдаланмоқда.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали хорижга ишлаш учун борган фуқаронинг хорижий давлатда ишлаши ҳимояланади, меҳнат муҳофазаси таъминланади. Маълумки, бу ҳолатда фуқаро тегишли тартибда расмийлаштириш орқали иш стажига ҳам эга бўлади ва ижтимоий ҳимоядан фойдалана олади. Содда қилиб айтганда, чет элда ишлаганингиз ҳам иш стажи сифатида ҳисобга олинади ва сиз қайтгач, ижтимоий ҳимоя турларидан фойдаланишингиз мумкин.
Анжуманда журналистларнинг ёшларни иш билан таъминлаш борасидаги муаммолар, хорижда ишлаш масалалари ҳақидаги саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Манба: ЎзА