Адлия вазирлиги тубдан янгиланган расмий веб-сайти ‒ www.minjust.uzни ишга туширди.
Янги сайт ўзбек ва рус тилларида бўлиб, ундаги маълумот ва материаллар ҳажми илгариги сайтга нисбатан ўн бараварга ортди ва дизайн жиҳатдан ҳам мутлақо янги кўриниш олди.
Сайтнинг тузилмаси ҳам кескин кенгайиб, қўшимча 4 та янги бўлим ва ўнлаб саҳифалар билан тўлдирилди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан ЎзАга маълум қилишларича, янги сайт давлат органларининг сайтига қўйиладиган асосий талабларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилиб, қуйидаги муҳим жиҳатларни қамраб олди:
биринчидан – интерактив давлат хизматлари билан боғлиқ маълумотлар, жумладан республикадаги барча давлат нотариал идоралари, ФҲДЁ органлари, давлат хизматлари марказлари, адвокатлик тузилмалари, адвокатлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари рўйхати, манзили ва бошқа зарур маълумотлар сайтга тўлиқ жойлаштирилди ҳамда ушбу маълумотларни тез ва осон излаб топиш имкониятлари яратилди;
иккинчидан ‒ кўрсатиладиган давлат хизматларини шаффоф ва қонуний бўлишини таъминлаш мақсадида сайтда баъзи методик воситалар ўрнатилди. Жумладан, эндиликда, сайтдаги “Нотариус калькулятори” орқали фуқаролар нотариус хизматлари учун қанча тўлов тўлаши кераклигини осон ҳисоблаб олиш имконига эга бўлди;
учинчидан – нотариал идоралар, ФҲДЁ органлари ва давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар турлари ва ушбу хизматлар учун тўловларнинг миқдори ҳақидаги маълумотлар инфографикалар асосида жойлаштирилди;
тўртинчидан ‒ сайтга “Коррупцияга қарши курашиш” бўлими киритилиб, унда адлия органларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолияти ва ривожланиш тенденциялари ёритиб борилади. Фуқаролар эса адлия органлари тизимида бўлаётган қонун бузилишлари ва коррупцияга доир хабарларни ушбу бўлимда қолдириш имконига эга бўлди;
бешинчидан – фуқаролар сайтда янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳақида қисқа ва тезкор маълумотлар, ҳуқуқий тушунтиришлар олиши мумкин. Муайян қонун ҳужжати билан батафсил танишмоқчи бўлган фойдаланувчилар учун “Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси “Lex.uz”га тўғридан-тўғри ўтиш бўйича ҳавола келтирилди;
олтинчидан ‒ веб-сайт орқали вазирликнинг ижтимоий тармоқлардаги “Адлия билан мулоқот” саҳифаси, “Ҳуқуқий ахборот” канали ва интернетдаги бошқа манзилларига ҳаволалар келтирилди.
Бундан ташқари, янги веб-сайт махсус имкониятларга ҳам эга бўлиб, унда имконияти чекланган шахслар учун қўшимча қулайлик тақдим этувчи функциялар ва сайтнинг мобил версияси ўрин олган.
Веб-сайтнинг “Медиатека” бўлимида фото ва видеоматериаллар (информацион теледастурлар, ижтимоий роликлар ва ҳоказо) бериб борилади.
Ҳозирда веб-сайтнинг инглиз, француз, хитой ва бошқа чет тилларидаги талқини, шунингдек болаларга мўлжалланган “Болалар учун” саҳифаси ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Веб-сайтдаги маълумотлар матн, инфографика ва фойдаланувчилар учун қулай бошқа услубларда берилади.
Манба: ЎзА