Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ҳуқуқий билимлар” соатида
2018-04-13 | Жамият
Давлат божхона қўмитасида ташкил этилган навбатдаги “Ҳуқуқий билимлар” соати Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб таомиллар тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳиятига бағишланди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги етакчи маслаҳатчиси Алишер Ҳотамов иштирок қилиб, йиғилганларга ушбу қонунда акс эттирилган маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий принциплари, маъмурий иш юритиш, маъмурий ҳужжатни қабул қилиш ва уни ижро этиш тартиби, шунингдек мазкур ҳужжатлар устидан шикоят қилиш таомиллари ҳақида сўз юритди.
Таъкидланганидек, ушбу қонун турли маъмурий қарорларни қабул қилиш жараёнини стандартлаштириш ва енгиллаштириш орқали давлат органларининг фуқаролар ва ташкилотлар билан бўлган муносабатлари қонунийлигини таъминлаш ва шаффофлигини оширишга хизмат қилади.
Мазкур қонунда давлат органлари фуқароларга хизмат кўрсатиш жараёнидаги тартиб-таомиллар, бу жараён қандай амалга оширилиши кераклиги батафсил ифодаланган.
Қонун 7 боб, 88 моддадан иборат бўлиб, расмий эълон қилинган кундан эътиборан ўн икки ой ўтгач кучга кириши белгилаб қўйилди.
Ушбу Қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилади.
Лекин, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш, давлат хизматини ўташ, референдумлар, сайловлар ўтказиш, мудофаа, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот соҳасида, шунингдек тезкор-қидирув фаолияти, суриштирув, дастлабки тергов, жиноий мажбурлов чораларини қўллаш билан боғлиқ бўлган бошқа фаолият, суд ишини юритиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш соҳасида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳасига кирувчи муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида қабул қилинган Қонуннинг асосий вазифалари маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборатдир.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси