Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Тараққиёт стратегияси” марказида давра суҳбати
2018-04-13 | Жамият
“Тараққиёт стратегияси” марказида “Жамоатчилик ишончини ошириш мақсадида суд ҳокимияти мустақиллигини қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
“Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти (Словения) билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда АҚШнинг мамлакатимиздаги элчиси Памела Спратлен ҳам иштирок этди. Учрашувда, шунингдек, халқаро экспертлар адвокат (АҚШ Массачусетс штати Олий судининг собиқ судьяси) Роберт Кори, АҚШ Миннесота округи бош федерал судьяси Жон Танхайм, Хорватиянинг Задар шаҳри суди судьяси Давор Дубровица маъруза қилдилар.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Адвокатлар палатаси вакиллари, туман ва шаҳар судлари судьялари ҳам қатнашди.
Иштирокчилар судларнинг ОАВ билан ўзаро ҳамкорлиги, жамоатчиликнинг судлар томонидан қабул қилинаётган қарорларга нисбатан ҳурмат муносабати, суд тизими мустақиллиги ва яхлитлигини таъминлайдиган инновацион стратегиялар каби масалалар бўйича фикр алмашди.
Таъкидлаш жоиз, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича қатор ишларни амалга ошириш кўзда тутилган. Судлар мустақиллигини таъминлаш мақсадида судлар мақомининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки терговни холисона ва атрофлича ўтказилишини таъминлаш бўйича қўшимча ҳуқуқий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш шулар жумласидандир.
Манба: ЎзА