Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Миллий атласи яратилади
2018-04-13 | Жамият
“Давергеодезкадастр” қўмитасида Ўзбекистон Миллий атласини яратиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Турли вазирлик ва ташкилотлар, олий ўқув юртлари вакиллари иштирок этган тадбирда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 15 мартдаги “Ўзбекистон Миллий атласини яратиш тўғрисида”ги фармойиши ижроси бўйича илм-фаннинг замонавий ютуқлари муштараклигида фундаментал картографик асар – Миллий атласни ишлаб чиқиш ва яратиш чора-тадбирларини амалга оширишга қаратилди.
Қўмита раиси А.Абдуллаев ва бошқалар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар барча жабҳалардаги янгилик ва ўзгаришларга кенг имкониятлар очаётганини таъкидлади. Ўзбекистон Миллий атласини яратиш бўйича бошланган изланишлар ҳам шундай эзгу ишлар натижасидир.
Икки жилддан иборат Миллий атлас “Картография” давлат илмий-ишлаб чиқариш корхонаси масъуллиги ва 30 дан ортиқ ташкилот ҳамкорлигида яратилади. Унда Ўзбекистон ҳаёти, тарихи ва бугуни ҳамда барча соҳаларга оид матнлар, географик маълумотлар ва картографик чизмалар жамланади.
– Яратилаётган Миллий атлас мазмунан бой ва тематик жиҳатдан серқирралиги билан нафақат халқимиз, балки хорижликлар учун ҳам мустақил Ўзбекистон тўғрисида ҳар томонлама мукаммал ва қизиқарли манбаларга бой бўлади, – дейди бўлим бошлиғи И.Эргашев. – Ҳозир режа бўйича қўмитамиз Ўзбекистон Миллий атласи концепциясини ишлаб чиқди. Унда атласга қўйиладиган илмий принцип ва талаблар, атласнинг умумий ва жилдларининг таърифи, иш тартиби келтирилган. Бугунги тадбирда ҳамкор ташкилотлар вакилларига ишлаб чиқилган мазкур концепция ҳақида батафсил маълумот бериш ва уларнинг бу борада фикр-мулоҳазалари, таклифлари асосида олдимизга қўйган мақсадга эришишдир.
Манба: ЎзА