“Туркистон” санъат саройида “Ички ишлар органларининг намунали таянч пунктлари” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди
Тантанали тадбирда 2017 йил мобайнида тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида самарали меҳнат қилган, хизмат йўналиши бўйича энг яхши кўрсаткичларга эришган профилактика инспекторлари, улар билан фаол ҳамкорлик қилиб келаётган давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари тақдирланди.
Ўзбекистон ички ишлар вазири П.Бобожонов Президентимиз Шавкат Мирзиёев ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ижтимоий йўналтирилган профессионал хизматга айлантириш вазифасини қўйганини, ушбу мақсадга эришиш йўлида амалга оширилган ишлар натижасида ички ишлар органлари халқ билан ҳамнафас тузилмага айланаётганини таъкидлади. Айниқса, ҳар бир маҳаллада хизмат қилаётган профилактика инспекторларининг маҳалла фаоллари, аҳоли билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланди.
Соҳа вакилларининг иш олиб бораётган ҳудудида хизмат уйи ҳамда имтиёзли кредит асосида енгил автомобиль билан таъминлангани хизмат сифати ошишига замин яратди. Натижада жорий йилнинг биринчи чорагида 5 минг 698 маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. Бу даврда жиноятчилик ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41 фоиз камайишига эришилди.
2002 йилдан бери анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Ички ишлар органларининг намунали таянч пунктлари” кўрик-танлови ҳам профилактика хизмати ривожига хизмат қилмоқда. Яхши натижаларга эришаётган таянч пунктлари ходимларининг тақдирланиши, танлов давомида ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўлиши ютуқлар омили бўлаётир.
Кўрик-танловнинг мамлакат босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 14 ички ишлар органи таянч пункти иштирок этди.
Самарқанд вилояти Тайлоқ туманидаги Ўрай-Элипок маҳалласига хизмат кўрсатувчи ички ишлар органининг 446-сонли, Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги Бўстон маҳалласига хизмат кўрсатувчи ички ишлар органининг 420-сонли, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги Отчопар маҳалласига хизмат кўрсатувчи ички ишлар органининг 32-сонли, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги Намуна маҳалласига хизмат кўрсатувчи ички ишлар органининг 2-сонли таянч пунктлари биринчиликни эгаллади.
Ғолиблар биринчи даражали диплом, замонавий телевизорлар билан тақдирланди. Қайд этилган шаҳар ва туман ички ишлар бўлимларига “Нексия” автомобиллари берилди.
– Профилактика куни жорий этилгани аҳоли билан яқин ҳамкорлик қилишимизда кенг имкониятлар яратди, – дейди танлов ғолибларидан бири, Самарқанд вилояти Тайлоқ туманидаги Ўрай-Элипок маҳалласига хизмат кўрсатувчи ички ишлар органининг 446-сонли таянч пункти катта профилактика инспектори Шавкат Хурсандов. – Бундай якдиллик натижасида маҳалла муҳити яхшиланишига, жиноятчилик барҳам топишига эришдик. Нафақат маҳаллада истиқомат қилаётган, балки чет элларда ишлаётган фуқароларимиз ҳам эътиборимизда. Яқинда 5 фуқаромизни Россиядан чақириб олиб, маҳалла ҳудудида уларнинг тадбиркорлик қилишига шароит яратдик.
Танловда иккинчи ва учинчи ўринни эгаллаган таянч пунктлари профилактика инспекторларига ҳам диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шунингдек, танловда “Энг фаол профилактика инспектори”, “Энг фаол жазони ижро этиш инспекцияси ходими”, “Ички ишлар органлари бошлиқларининг энг фаол ёшлар масалалари бўйича ўринбосари”, “Энг фаол сектор раҳбари” номинациялари ғолиблари аниқланди ва тақдирланди. “Энг фаол маҳалла посбони”, “Ибратли хотин-қизлар қўмитаси раиси”, “Адолатли яраштириш комиссияси раиси”, “Энг фаол ёшлар етакчиси”га Ички ишлар вазирлиги дипломи ва ҳамкор ташкилотлар совғалари топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Н.Йўлдошев, Бош вазир ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева иштирок этди.
Норгул Абдураимова, ЎзА
Манба: ЎзА