Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Термиз халқаро конференцияга тайёр
2018-04-12 | Жамият
Жорий йил 18-20 апрель кунлари Термиз шаҳрида “Central Asia 2018. Фан, таълим, маданият ва бизнес соҳаларида интернет ва ахборот-кутубхона ресурсларининг ўрни” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, қатор ташкилот ва муассасалар ҳамкорлигида мазкур анжуманни юқори савияда ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан ташкил этилаётган халқаро конференцияда мамлакатимиздаги ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари ходимлари, Россия, Туркия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Эрон, Покистон, Исроил каби давлатлардан мутахассислар иштирок этиши кутилмоқда.
Вилоятда анжуманни юксак савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита тузилиб, зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди. Масъуллар бириктирилиб, тегишли вазифалар юкланди. Термиз шаҳридаги асосий кўчалар, анжуман тадбирлари бўлиб ўтадиган “Ёшлар маркази” биноси, Термиз давлат университети ва бошқа иншоотлар байрамона безатилиб, конференция мазмун-моҳияти акс эттирилган баннерлар ўрнатилаётир. Тадбир иштирокчилари учун барча қулайлик яратилмоқда.
– Фан, таълим, маданият ва бизнес соҳаларида электрон ахборот-ресурсларини қўллаш ва ривожлантиришда ахборот-кутубхона муассасалари, ўқув юртлари, архивлар, музейлар ва бошқа ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорликни фаоллаштиришга кўмаклашадиган тадбир доирасида амалий семинарлар, маҳорат дарслари ташкил этилади, – дейди Сурхондарё вилояти ахборот-кутубхона маркази раҳбари М.Абдушукуров. – Тажрибали мутахассислар китобхонлик, кутубхоначиликнинг истиқболдаги вазифалари, соҳада ўз ечимини кутаётган муаммоларни илмий шуъбалар йиғилишларида муҳокама қилади.
Конференция иштирокчиларининг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун бир қатор маънавий дам олиш дастурлари тайёрланмоқда. Меҳмонлар вилоятнинг тарихий обидалари ва истиқлол йилларида бунёд этилган диққатга сазовор жойлари билан ҳам таништирилади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
Манба: ЎзА