Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича ўзгаришлар
2018-04-12 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги ПҚ-3454-сонли қарори билан жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаш ва тўлаш тартибларига бир қатор ўзгартиришлар киритилди.
Жумладан, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари мол-мулкнинг кадастр қийматидан келиб чиқиб белгиланди. Ўтган йили ушбу солиқ мол-мулкнинг инвентаризация қийматидан келиб чиқиб ҳисобланган эди.
Жисмоний шахслар мол-мулкларининг кадастр қиймати бозор нархларидан келиб чиқиб ҳисоблангани учун инвентаризация қийматидан анча юқорилиги эътиборга олиниб солиқ ставкалари ўтган йилга нисбатан кескин камайтирилди.
Хусусан, турар жойлар, квартиралар, дала ҳовли қурилмалари (умумий майдони 200 квадрат метрдан ортиқ бўлганлари бундан мустасно), бошқа иморатлар, хоналар ва иншоотлар учун солиқ ставкаси 0,2 фоиз миқдорида (ўтган 2017 йилда 1,7 фоиз эди);
шаҳарларда жойлашган, умумий майдони 200 квадрат метрдан 500 кв.метргача бўлган турар жой ва квартираларга солиқ ставкаси 0,25 фоиз миқдорида (ўтган 2017 йилда 2,1 фоиз эди );
майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган турар жой ва квартиралар учун эса, солиқ ставкаси 0,35 фоиз миқдорида (ўтган 2017 йилда 2,9 фоиз эди);
бошқа аҳоли пунктларида жойлашган умумий майдони 200 квадрат метрдан ортиқ бўлган турар жой ва квартиралар, дала ҳовли қурилмалари учун солиқ ставкаси 0,25 фоиз миқдорида (ўтган 2017 йилда 2,1 фоиз эди) белгиланди.
Бунда, солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини ҳисоблаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 декабрдаги 1043-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан амалга оширилади.
Ушбу Низомга мувофиқ, кўчмас мулк объектларининг кадастр қиймати умумий фойдали майдонни бир квадрат метри, ҳудудий тузатиш коэффициентлари ва эскириш коэффициентлари асосида ҳисоблаб чиқилади.
Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб:
- жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадида мол-мулкнинг кадастр қиймати кадастр ҳужжатларидан келиб чиқиб, бироқ 42 000,0 минг сўмдан кам бўлмаган миқдордан келиб чиқиб ҳисобланиши;
- жисмоний шахслар мол-мулкини баҳолаш бўйича органлар белгилаган кадастр қиймати бўлмаса, солиқ ундириш учун Тошкент ва Нукус шаҳарлари, шунингдек вилоят марказларида 210 000,0 минг сўм, бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларида 90 000,0 минг сўм миқдорида мол-мулкнинг шартли қиймати белгиланиши;
- мол-мулкка кадастр қийматидан келиб чиқиб солиқ солишга ўтилгандан кейин солиқ юкининг кескин ўсишининг олдини олиш мақсадида, кадастр қиймати асосида ҳисоблаб чиқарилган жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси 2017 йил учун ҳисобланган солиқ суммасига нисбатан 20 фоиздан кўп бўлмаслиги белгиланди.
Мазкур қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар ҳокимликларининг ҳуқуқлари кенгайтирилиб, уларга тегишли Халқ депутатлари кенгаши билан келишган ҳамда ҳудудларнинг ва фаолиятни амалга ошириш жойининг хусусиятларини инобатга олган ҳолда, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича белгиланган ставкаларга 0,7 дан 1,3 фоизгача пасайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни белгилаш ҳуқуқи берилди.
Шунингдек, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган янги қурилган турар жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулкнинг шартли қийматининг икки бараваридан келиб чиққан ҳолда ундириш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган айрим тоифадаги жисмоний шахслар учун мол-мулк солиғи бўйича имтиёзларни қўллаш мақсадида солиқ солинмайдиган майдон умумий майдоннинг 60 квадрат метр ҳажмида белгилаш тартиблари сақлаб қолинди.
Президентимизнинг 2017 йил 29 декабрдаги ПҚ-3454-сонли қарори билан жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиққа киритилган ўзгартиришлардан келиб чиқиб, Солиқ кодексининг 274- ва 277-моддаларига киритилган таҳририй ўзгартиришларда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблашда мол-мулкнинг кадастр қийматидан келиб чиқиб ҳисоблаш белгиланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси