Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон – Афғонистон дўстлик алоқалари янги босқичда

2018-04-11 | Жамият

Термизда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида “Ўзбекистон – Афғонистон муносабатлари: сиёсий тараққиётнинг янги босқичида” мавзуига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди. 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сурхондарё вилояти кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, партиянинг “Ёш либераллар” клуби аъзолари, талабалар, журналистлар иштирок этди. 

Тадбирда жорий йил март ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, барқарор ривожланишини янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. 

Ўзбек ва афғон халқлари азалдан яқин қўшни, ўзаро дўст бўлиб яшаб келган. Афғонистонда нотинчлик ҳукм сураётган ҳозирги даврда ҳам Ўзбекистон қўшни давлатда барқарорликни тиклаш, иқтисодиётни юксалтириш тарафдори бўлиб келмоқда. 

БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлган давлатлар, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар вакиллари иштирок этган мазкур анжуман халқаро экспертларда катта қизиқиш уйғотди. Давлатимиз раҳбарининг бу мамлакатда тинчлик жараёни муваффақиятли бўлишини таъминлаш учун афғонистонликларнинг ўзлари ташаббус кўрсатиши, музокаралар қандай форматда, қачон ва қаерда олиб борилиши бўйича танлаш имконини бериш зарурлиги тўғрисидаги фикри узоқ йиллардан буён ҳукм сураётган ниҳоятда мураккаб низоларга ечим топишда муҳим қадам бўлди. 

Ўзбекистон Афғонистон билан қўшни давлатларнинг савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишида ҳам намуна бўлаётгани эътиборлидир. Хусусан, қўшни давлатда барқарорликни тиклаш, иқтисодиётни юксалтириш ташаббускори бўлиб келаётган мамлакатимиз Афғонистонда тоғ-кон саноати, қурилиш, энергетика, таълим соҳаларидаги лойиҳаларни руёбга чиқаришда қатнашмоқда. Ўзбекистон ёрдами билан яқин қўшниларимиз учун юқори вольтли электр энергияси ва оптик толали кабель линиялари, сув таъминоти тармоғи, кўприклар, темир йўл бунёд этилган. Нефть маҳсулотлари, электр энергияси, минерал ўғитлар, полиэтилен қоп, озиқ-овқат ва бошқа халқ истеьмоли моллари етказиб берилмоқда. Қўшни мамлакат иқтисодиётини тиклаш, янги иш ўринлари яратиш ва транзит салоҳиятини оширишга кўмаклашаётир. 

Термиз туманида барча замонавий шароитларга эга Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ташкил этилгани давлатларимиз ўртасидаги азалий дўстлик алоқаларининг ёрқин ифодаси сифатида эътироф этилмоқда. Муҳташам таълим муассасаси Афғонистон томони эҳтиёжлари асосида иқтисодий-ижтимоий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалар учун етук малакали олий ва ўрта махсус маълумотли мутахассислар тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда марказда 100 га яқин афғон ўғил-қизлари ўзлари танлаган касб сирларини ўрганмоқда. 

– Мазкур анжуманда иштирок этиб, бой таассурот ва келажакка катта умидлар билан қайтдик, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабаси Фаруқу Абдул Салим. – Давлатларимиз раҳбарларининг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш ҳақидаги фикр-мулоҳазаларидан бениҳоя қувондик. Тошкентдан келишимиз билан халқаро конференциядан олган таассуротларимизни афғонистонлик талаба-ёшларга фахр билан сўзлаб бердик. Бу бизни янада кўпроқ ўқиб, изланишга ундади. Ёрқин келажагимизга ишончни мустаҳкамлаб, барқарор ривожланадиган Ватанимизга муносиб мутахассислар бўлиб улғайишга иштиёқимизни оширди. 

– Биз ён қўшнимиз, афғонистонлик тенгдошларимизнинг ҳам юртимиз ёшларидек тинч, шодон ҳаёт кечириши тарафдоримиз, – дейди Термиз давлат университети талабаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Лутфия Баратова. – Мамлакатимиз пойтахтида ўтказилган мазкур халқаро конференция ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилганидан фахрланамиз. Шунингдек, уларнинг замонавий таълим муассасаларида илм-фан сирларини чуқур эгаллаб, ўз юрти тараққиёти йўлида хизмат қилишини истаймиз. Президентимиз ғояси асосида барпо этилган ушбу таълим маркази афғон дўстларимизга ана шундай бахт улашаётганидан биз ҳам бахтиёрмиз. 

Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди. Ўзбекистонлик ва афғонистонлик талаба-ёшлар илм-фан, маданият, санъат ва бошқа соҳалар бўйича ўзаро фикр алмашди. 

 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться