Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Бангладеш: иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари
2018-04-11 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида 10 апрель куни “Ўзбекистон билан Бангладеш ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари” мавзуида семинар бўлиб ўтди.
Савдо-саноат палатаси ҳамда Бангладеш Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, кимё, фармацевтика, туризм каби қатор соҳаларда фаолият юритаётган компаниялар вакиллари иштирок этди.
Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов, Бангладеш Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Шахриёр Алам ва бошқалар Ўзбекистон билан Бангладеш ўртасидаги ўзаро ишонч ва тенг манфаатдорликка асосланган савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатнинг сармоявий жозибадорлигини ошириб, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, саноат тармоқларини модернизация ва диверсификация қилишда хорижий капитал қўйилмаларини кенг жалб қилиш учун қулай шароит яратилаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон Республикасида Бангладеш инвестициялари иштирокида тузилган 6 корхона фаолият кўрсатади. Бугун бангладешлик тадбиркорлар мамлакатимизда тайёр текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қора металлургия, кимё ва фармацевтика саноатида, кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар тақдим этиш соҳаларида фаолият юритмоқда.
Учрашувда меҳмонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, хорижий компаниялар ва сармоядорлар учун яратилаётган имкониятлар, иқтисодиёт ва валюта бозорини либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бизнесни қўллаб-қувватлаш борасидаги ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берилди. Икки мамлакат ишбилармонлари иштирокида қўшма корхоналар ташкил этишни рағбатлантириш, янги ташкил этилган эркин иқтисодий зоналарда чет эллик инвесторлар учун таклиф этилаётган қулайлик ва имтиёзлар юзасидан фикр алмашилди.
Сайёҳлик соҳаси икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг муҳим йўналишларидан. Мамлакатимизга ҳар йили кўплаб бангладешликлар ташриф буюради. Тошкентда ўтадиган сайёҳлик ярмаркаларида Бангладеш фирма ва компаниялари фаол қатнашиб келади.
Мулоқот чоғида иштирокчилар Президентимиз ташаббуси билан туризм соҳасини янада кенгайтириш, янги йўналиш ва тармоқлар ҳисобига сайёҳлик салоҳиятини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан таништирилди.
Бангладешнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Мосуд Маннан Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Тадбирда Ўзбекистон ва Бангладеш тадбиркорлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди.
Манба: ЎзА