Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мажбурий ижро амалиёти: ҳамкорликнинг янги йўналишлари
2018-04-10 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросида Россия Федерацияси Суд приставлари федерал хизмати директори Дмитрий Аристов раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори Б.Қудратхўжаев ва Россия Федерацияси Суд приставлари федерал хизмати директори Д.Аристов Ўзбекистон билан Россия ўртасида кўплаб йўналишлар қатори ҳуқуқий соҳада ҳам ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги мулоқотлари ва турли даражадаги учрашувлари кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққани қайд этилди. Мазкур учрашув ва ўзаро мулоқотлар чоғида эришилган келишувлар икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда ижро ҳокимияти ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Меҳмонлар мамлакатимизда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини мустаҳкамлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш, суд қарорлари ижросини мақсадли таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатимиз прокуратура органлари, хусусан, янги ташкил этилган Мажбурий ижро бюросининг ҳуқуқий мақоми ва ваколатлари, фаолиятининг асосий йўналишлари билан таништирилди.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан такомиллаштириш, унинг мустақиллигини таъминлаш, одил судлов ҳужжатлари ижросини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Суд қарори ижросининг самарадорлигини тубдан юксалтиришда Бош прокуратура ҳузурида ташкил этилган Мажбурий ижро бюроси фаолияти муҳим ўрин тутмоқда. Бугунги кунда бюро Ўзбекистон Республикасининг нафақат ички, балки халқаро мажбуриятларини таъминлаш йўлида ҳам фаолият олиб бораётир. Ушбу мақсадларда хорижий давлатларнинг ваколатли идоралари билан ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, хорижий давлатлардаги қарздорлар ва уларнинг мол-мулкини, даромад манбаларини қидириб топиш бўйича истиқболли ҳамкорликни мустаҳкамлаб келмоқда.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Россия Федерацияси Суд приставлари федерал хизмати ўртасида икки томонлама муносабатларни яхшилаш, ҳамкорликдаги устувор йўналишлар ва истиқболли лойиҳаларни белгилаш масалалари муҳокама қилинди.
Делегация аъзолари Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа марказида бўлди. Шу ерда меҳмонлар учун бюро органлари фаолияти ва ягона электрон савдо майдончасига бағишланган “E-IJRO AUKSION” тизими тақдимоти ўтказилди.
Делегация аъзолари мамлакатимизда ижро ҳужжатлари юзасидан қарздорликни ундириш масалалари бўйича яратилган ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизими фаолияти, Тошкент вилоятида тажриба-синов тариқасида жорий этилган давлат активларини электрон савдо майдончаси орқали ижарага беришнинг янги механизмини юқори баҳолади.
Музокараларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Россия Федерацияси Суд приставлари федерал хизмати ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Улуғбек Шоназаров, Темур Мамадаминов (сурат) ЎзА
Манба: ЎзА