Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бутунжаҳон саломатлик куни:«Соғлиқни сақлаш хизматлари билан оммавий қамров: ҳамма учун ва ҳар ерда»
2018-04-10 | Соғлиқни сақлаш
2018 йил 10 апрелда «International» меҳмонхонасида Бутунжаҳон саломатлик кунига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. 2018 йилги Бутунжаҳон саломатлик куни мазвуси - «Соғлиқни сақлаш хизматлари билан оммавий қамров: ҳамма учун ва ҳар ерда». Шу билан бирга, бу йилда Бутунжаҳон саломатлик куни 1948 йилда ташкил топган Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (БССТ) 70 йиллигини нишонлайди.
Ушбу матбуот анжумани Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан БССТ Ўзбекистондаги ваколатхонаси техник кўмаклигида ташкил этилди. Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Таълим вазирлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва БССТ Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимлари иштирок этдилар.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шундай тамойил асосида ташкил этилганки, унга кўра барча инсонлар саломатликнинг имкон қадар юқори даражасини қўлга киритиш ҳуқуқидан фойдалана олиш имкониятига эга бўлмоқлари лозим. Мана етмиш йилдан буён БССТ соғлиқни сақлаш хизматлари билан оммавий қамровни (ССХОҚ) таъминлашга давлатлар қилаётган ҳаракатларни қўллаб-қувватламоқда. ССХОҚ концепцияси анча содда – соғлиқни сақлаш хизматларини олиш имконияти билан инсонларни ҳар замон ва ҳар маконда таъминлаб беришдир. Шундай бўлишига қарамай, соғлиқни сақлаш хизматлари учун тўлаш мажбурияти туфайли дунёда 100 миллионга яқин инсон қашшоқлик чегарасига келиб қоляпти.
Маълумки, саломатлик ҳар ким учун бебаҳо бойлик бўлиб, БССТ Европа минтақаси бюроси директори д-р Zsuzsanna Jakab бундай дейди: «Саломатлик – энг катта бойлигимиз. У фақат айрим имтиёзлилар ўзига эп кўрадиган зеб-зийнатга айланиши керак эмас. Сайёрамиз миқёсида «барчага саломатлик» тамойилига риоя қилиш ижтимоий ва иқтисодий ривожланишга ҳамда атроф-муҳитга ижобий таъсир қилади. Кучларимизни бирлаштириб, буни умумий вазифамизга айлаштириш вақти келди».
Шу муносабат билан, ўзининг етмиш йиллигини нишонлаётган йили БССТ жаҳон етакчиларини 2015 йилда Барқарор тараққиёт мақсадлари (БТМ) юзасидан келишиш жараёнида зиммаларига олган мажбуриятларини бажаришга даъват қилади, ҳамда барча инсонлар саломатлигини мустаҳкамлаш учун муайян чоралар кўришга, яъни дунёдаги ҳар бир инсон соғлиқни сақлаш борасида асосий хизматларни сифатли олиш имкониятига эга бўлиши ва бунда молиявий қийинчиликларга дуч келмаслигини таъминлашга, ундайди.
ССХОҚ қисқартмасидаги «оммавий» сўзи «барча учун» деган маънони, яъни ҳар қандай дискриминациядан ҳоли, ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмасликни англатади. Ҳар бир инсон, у қаерда бўлишидан қатъий назар, ўзига керакли бўлган соғлиқни сақлаш хизматларини қашшоқликка тушмаган
ҳолда олиш ҳуқуқига эга. БССТ Бош директори д-р Тедрос Адханом Гебрейесус айтганидек: «Инсонлар соғлом экан, уларнинг оила, жамоа ва давлатлари фаровон бўлади. Ҳеч ким ё дори, ё емак харид қилишни танлашга мажбур бўлиши керак эмас. Барчанинг саломатлиги Барқарор тараққиёт мақсадларига эришишга қаратилган сай-ҳаракатларни ўзига тортувчи марказга айланиши лозим». Бугунги кунга келиб, дунё аҳолисининг камида ярми асосий соғлиқни сақлаш хизматларини ололмайди. 800 миллиондан зиёд инсон (дунё аҳолисининг деярли 12%) оила бюджетининг камида 10 фоизини ўзи, бетоб фарзанди ёки бошқа оила аъзоси учун соғлиқни сақлаш хизматларига сарфлайди.
БССТ Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари д-р Лиан Куппенс ўз нутқида таъкидлади: «Ишончли ва умри боқий соғлиқни сақлаш тизимлари, яъни инсон эҳтиёжлари, соғлиқни мустаҳкамлаш ва касалликлар олдини олишга қаратилган ҳамда хизматларга оммавий эришиш имкониятини таъминлайдиган соғлиқни сақлаш тизимлари, ҳам алоҳида фуқаролар, ҳам бутун ҳамжамиятлар ижтимоий ва иқтисодий фаровонлигига ижобий таъсир кўрсатади».
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги БССТ Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ССХОҚ таъминлаш масаласига 2018 йил мобайнида устувор эътибор қаратишда давом этиб, бу Бутунжаҳон саломатлик куни, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни янада кучайтириш ва чуқурлаштириш, ССХОҚ таъминлаш масаласида барча манфаатдор томонларни кўмагини олиш мақсадида шундай томонларни жалб қилишда ўз аксини топади.
Соғлиқни сақлаш хизматлари билан оммавий қамров нима учун муҳим?
ССХОҚга инвестиция қилиш орқали давлатлар инсон капиталига оқилона маблағ сарфлашади. Сўнгги ўн йиллар давомида ССХОҚ саломатлик ва тараққиёт билан боғлиқ бошқа мақсадларга эришишни таъминлашда муҳим стратегияга айланди. Соғлиқни сақлаш борасида асосий хизматларни сифатли олиш имконияти ва молиявий муҳофаза нафақат саломатлик яхшиланиши ва инсон умри узайишига, балки давлатларни эпидемиялардан ҳимоялаш, камбағаллик ва очлик миқёсини қисқартириш, иш ўринларини яратиш, иқтисодий ривожланиш ва гендер тенгликка ҳам ҳисса қўшади.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар бирламчи ва шошилинч тиббий ёрдамни яхшилаш ҳамда ихтисослашган тиббий хизматларни олиш имконини яратиш орқали ССХОҚ га эришишга ҳисса қўшмоқда.
Ҳар ким, ҳар ерда соғлиқни сақлаш хизматлари билан оммавий қамров йўлида ҳам ўзи учун, ҳам биров учун жон куйдириши мумкин, зеро кучли миллатни айнан соғлом инсон шакллантиради. Ҳар ким фаол ҳаётий позицияда туриш ва ССХОҚ борасидаги муҳокамада иштирок этиш орқали хизматлар билан оммавий қамровни таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.
Манба: Ўзбекистондаги БМТ вакиллиги