Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Аҳолига қулай бўлиши учун
2018-04-10 | Соғлиқни сақлаш
Кейинги йилларда аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизими фаолияти ҳам тубдан такомиллашмоқда. Мазкур тизимнинг моддий-техник базаси бойитилмоқда. Жумладан, тегишли муассасалар “Ниссан”, “Хюндай”, “Дамас” русумдаги янги автомашиналар билан таъминланди. Биринчи ёрдам учун зарур бўлган барча дори-дармонлар етказиб бериляпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 25 январида “Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қабул қилган қарори бу борадаги кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланишларнинг мантиқий давоми бўлди. Қарорга мувофиқ республикамизнинг барча ҳудудларида тез тиббий ёрдамнинг узлуксиз, ўз вақтида кўрсатилишини таъминлайдиган, яъни ягона телефон алоқаси орқали туну кун боғланиш имконини берадиган Саll-марказлари ташкил этиш белгиланди.
Айни кунларда Сирдарё вилоятидаги тез тиббий ёрдам марказларида Саll-марказлари ташкил этиш бўйича муайян ишлар олиб борилмоқда. Шуни таъкидлаш жойизки, Саll-марказларининг бир қанча афзалликлари мавжуд. Хусусан, беморга қандай ёрдам кўрсатилганлиги сифатини тўғридан-тўғри баҳолаш ҳамда беморнинг турар-жойини назарга олган ҳолда, ўша ҳудудга яқин жойлашган шифохоналар билан боғланиш ва тиббий назоратни олиб бориш имконини беради.
Қарор ижросини бажариш доирасида жорий йилда ҳозирги кунда Сирдарё вилоятидаги тиббиёт муассасаларининг ўн нафардан зиёд мутахассисларини Россия, Япония, Жанубий Корея, Германия каби илғор мамлакатларда малака ошириш учун юбориш режалаштирилган.
Бобур ТОЖИБОЕВ,
республика Шошилинч тез тиббий ёрдам
илмий маркази Сирдарё вилояти филиали шифокори
Манба: Сирдарё вилояти ҳокимлиги