Парламентнинг айрим депутатлари адабиёт, кинематография ва бошқа санъатлар соҳасидаги кўзга кўринарли ютуқлар учун Қирғизистонда “Чингиз Айтматов” ордени таъсис этилиши борасида таклиф билан чиқди.
Мукофот сермаҳсул ижодий фаолият, гуманизм ғояларини илгари суриш, тинчликни мустаҳкамлаш ва инсониятнинг маънавий тараққиёти учун чет эллик фуқароларга ҳам топширилиши мумкин.
Ташаббусчилар Чингиз Айтматов замонамизнинг машҳур ёзувчиси ва файласуфи, шунингдек, қирғиз адабиёти ва ижодининг рамзи эканлигини таъкидлашган. Ўзининг ижоди ва халқаро жамоатчилик фаолияти билан ёзувчи жаҳон адабиёти ва санъатининг ривожига ҳисса қўшган. Бундан ташқари, янги давлат мукофотининг таъсис этилиши 2018 йилда Чингиз Айтматовнинг 90 йиллик юбилейи нишонланишига тўғри келмоқда.
Қонун лойиҳаси Жўқорғу Кенешга кўриб чиқиш учун ҳавола қилинган. Бугунги кунда Қирғизистон давлат мукофотлари рўйхатида 6 та орден бор бўлиб, булар – I, II, III даражали «Манас», «Қурбонжон додҳо», «Данакер», «Данк», «Дўстуқ» ва «Ботир она» орденларидир.
Манба: ЎзА