Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хорижлик профессор-ўқитувчилар ЎзМУда тажриба алмашмоқда
2018-04-10 | Таълим
Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Миллий университетида замонавий инновацион ўқув дастурлар ишлаб чиқиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўртасида билим алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда илмий изланишлар соҳасида академик ҳамкорликни ривожлантириш бўйича режалар ишлаб чиқиш, мултидисциплинар дастурларни йўлга қўйиш бўйича университетда Холон технология университети факультетини ташкил этиш юзасидан Меморандум имзоланган.
Холон Технология институтининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари Ўзбекистон Миллий университетига ташриф буюрдилар. Улар Физика, Математика, Биология ва Кимё факультетларида докторантура ҳамда магистратура талабаларига маърузалар ўқидилар, шунингдек, ЎзМУ профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда давра суҳбатлари, илмий-амалий анжуманлар ўтказдилар.
Исроиллик меҳмонлар ҳамкорликдаги дарслар бошланиши олдидан Холон технологиялар институтининг президенти Эдуард Якубовнинг саломини етказиб, «у 50 йил олдин Ўзбекистон Миллий университетининг Математика факультетини тугатганлигини доим фахр билан эслаши»ни алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Тингловчилар томонидан Квант физикаси ва гипервизорлар билан боғлиқ мавзуларда берилган саволларга исроиллик олимлар атрофлича жавоб бериб, ЎзМУ талабаларининг илм-фанга бўлган қизиқишлари ва билимларини олқишлади.
Амалий машғулотлар давомида Физика факультети лабораториялари ва юқори технологиялари Маркази исроиллик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Холон Технология институти профессор-ўқитувчиларнинг ҳамкорликдаги машғулотлари жорий йилнинг 10 апрель кунигача давом этади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги