Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш йўлидаги яна бир ташаббус
2018-04-10 | Жамият
Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида 6-8 апрель кунлари “Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилиши керак!” шиори остида “Ҳуқуқий ахборот кунлари” ўтказилди.
Адлия вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган тадбир Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармон ва қарорлари мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламига етказиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, адлия органларини халққа янада яқинлаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
“Ҳуқуқий ахборот кунлари” доирасида адлия бошқармаси, адвокатлар ва бошқа давлат органлари ходимларидан иборат “Ҳуқуқий тарғибот гуруҳлари” тузилди. Мазкур гуруҳлар хонадонма-хонадон юриб фуқаролар билан мулоқотлар ўтказди.
Мулоқот жараёнида манзилли ҳуқуқий тарғибот ўтказишга алоҳида эътибор берилди. Яъни, фуқаролардан тушган мурожаатлар, ижтимоий тармоқлар орқали келаётган саволлар – коммунал хизматлар, томорқа ер участкаларидан фойдаланиш, моддий ёрдам, арзон уй-жой олиш, ишга жойлашиш, меҳнат миграцияси каби масалаларга жавоб қайтарилди.
Бундан ташқари, мулоқотда янги қабул қилинаётган қонунлар, Президент қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари ҳақида аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, сайёр нотариал ҳаракатлар амалга оширилди.
Ҳудуддаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли билан суҳбатлар ўтказилиб, оилани мустаҳкамлашда эркак ва аёлнинг ўрни ва вазифалари, яқин қариндошлар ўртасида, шунингдек барвақт оила қуришнинг салбий ҳолатлари, бола ва онанинг ҳуқуқлари ҳамда ажрашишнинг салбий оқибатлари ҳақида тушунчалар берилди. Ёшлар билан ўтказилган суҳбатларда алкогол ичимликлари ва гиёҳванд моддалари истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари, оммавий маданият, яъни ТВ ва интернет орқали кириб келаётган ҳамда миллий менталитетга хос бўлмаган бегона урф-одатларнинг зарарлари тушунтирилди.
Тадбир давомида ҳар бир ҳуқуқбузарликнинг салбий оқибати борлигини аҳолига етказиш, уларни қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялаш мақсадида оилавий ажримлар, мулкий низолар, транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши каби кўп учрайдиган ҳуқуқбузарликлар юзасидан сайёр суд мажлислари ўтказилди.
Тадбир давомида Давлат хизматлари марказларининг мақсад ва вазифалари, марказларда кўрсатиладиган давлати хизматлари турлари ҳақида маълумот берилди. Ҳуқуқий мавзуларда буклетлар ва бошқа босма материаллар тарқатилди. Адлия вазирлигининг “Telegram” мессенжеридаги “Huquqiy axborot” канали, “Lex.uz” сайти ҳақида маълумот берилди.
Қувасой шаҳридаги кар-соқовлар махсус мактаб интернати тарбияланувчилари ўртасида “Қонун менинг тасаввуримда” мавзусида расм чизиш танлови ўтказилди ва барча қатнашчиларга совғалар улашилди.
Гўзал Сатторова, ЎзА
Манба: ЎзА