Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ипакчилик: Жаҳон амалиётида кузатилмаган лойиҳа
2018-04-09 | Жамият
Пойтахтимизда «Ўзбекистон-Европа ипакчилик форуми» ҳамда табиий ипак матолардан тайёрланган миллий либослар намойишини ўтказиш борасидаги илк анжуман бошланди.
Унда Европанинг Франция, Италия ва бошқа ўнга яқин давлатларидан турли вазирлик ва компаниялар раҳбарлари иштирок этмоқда.
Бугунги кунда, Ўзбекистон ипак толаси ишлаб чиқариш бўйича Хитой ва Ҳиндистондан кейин дунёда 3-ўринни, аҳоли жон бошига ишлаб чиқариш бўйича эса дунёда 1-ўринни эгаллайди. Ўзбекистон Республикасида ипакчиликнинг ривожланиши узоқ тарихга эга. Республикамизнинг жанубида, Фарғона водийсида ҳамда Зарафшон дарёси манбаларида ипакчилик ва пилла йигириш амалиёти 4 минг йил аввал ҳам мавжуд бўлганлиги тўғрисида маълумотлар бор.
1991-2016 йилларда Ўзбекистоннинг ипак саноати иқтисодиётдаги структуравий ўзгаришлар ва жаҳон бозоридаги талаб тақчиллиги сабабли пасайишга юз тутди ва 2017 йилда бор-йўғи 13 000 тонна пилла етиштирилди. Биринчи навбатда бу пасайиш қишлоқ жойларида минглаб иш ўринларини йўқотилиши, аҳоли даромадини камайиши ва мамлакатга валюта оқимининг камайишини кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши пиллачилик тармоғини янги ривожланиш босқичга олиб чиқиш учун янги имкониятлар эшигини очди.
Унга кўра тасдиқланган “2017-2021 йилларда пиллачилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури” доирасида пиллачилик соҳасида фаолият юритаётган 20 та ипак қурти уруғи ишлаб чиқариш ва 40 дан ортиқ пиллани қайта ишлаш корхонаси модернизация қилиниб, сифатли ва жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Шунингдек, 2017-2021 йилларда хом ипак ишлаб чиқариш ҳажмини 2 баробарга ошириш ва йилига 3 минг тоннага етказиш, хом ашёни чуқур қайта ишлашни ташкил қилиш орқали ипак мато ишлаб чиқариш ҳажмини қарийб 8 мартага ошириш ва йилига 11,2 млн.п.метрга етказиш кўзда тутилмоқда.
Бугун ана шу вазифалар ижроси доирасида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори, ФАО бош директори муовини В. Рахманинни шундай деди: “Мен фаолият юритаётган ташкилот билан Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик 2001 йилда илк бора йўлга қўйилган эди. Бугун келиб, катта таассуротларга эга бўлдим. Юртингизда занжирсимон усулдан кенг фойдаланилаётгани, ипакчилик секторида қўшилган қийматлар занжирини такомиллаштириш ва экспорт салоҳиятини кучайтириш, қишлоқ жойларда янги иш ўринлари ва даромад манбаини яратилаётгани алоҳида эътирофга лойиқ. Ипакчилик тизимига ёшлар ва хотин-қизларнинг фаол иштироки оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий юксалишини таъминлайди. Биз ҳамкорликда янги лойиҳалар ишлаб чиқишга тайёрмиз.”
Сайёра Шоева, ЎзА
Манба: ЎзА