Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёшлар тарбияси борасидаги ишлар самарадорлиги танқидий таҳлил қилинди
2018-04-06 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда кенгашнинг 2018 йил биринчи чорагида амалга оширган ишлари тўғрисида ҳисобот тингланди ва галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Ф.Дадахўжаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари А.Раҳмонов иштирок этди.
Йиғилиш кун тартибидаги биринчи масала юзасидан Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, халқ шоири И.Мирзаалиев сўзга чиқиб, кенгаш аъзоларининг фаолиятини танқидий таҳлил қилди, мавжуд муаммолар ҳақида тўхталди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси ижроси юзасидан Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти марказий кенгаши раисининг ўринбосари М.Умаров сўзга чиқди.
Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси, Амир Темур халқаро хайрия жамоат фонди раиси Н.Ҳабибуллаев буюк аждодимиз Амир Темур таваллуди кунини нишонлашга тайёргарлик тўғрисида ахборот берди.
Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ўринбосари А.Икромов Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаолиятини янада яхшилаш бўйича таклифлар билдирди..
Президентимизнинг 2017 йил 23 августдаги "Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаолиятини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Юқоридаги масалалар муҳокамаси чоғида видеоконференция режимида жойлардаги ушбу бўлинмалар вакилларининг ахборотлари тингланди.
Жамоатчилик кенгаши Мудофаа вазирлиги фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, фуқаролар ва жамоатчилик бирлашмаларини давлат мудофааси ва ҳарбий қурилиш соҳасига жалб этиш, ҳарбий хизмат нуфузини, ёшларнинг маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиясини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Аммо Жамоатчилик кенгашининг барча аъзолари ҳам ҳарбий қисмларда тадбирлар ўтказишда ташаббускорлик кўрсатмаётгани, фақат таклиф қилингандагина иштирок этаётгани қайд этилди.
Шу билан бирга, Жамоатчилик кенгаши ҳарбий хизматчилар оилаларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни уй-жой ва тиббий хизмат билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни танқидий таҳлил қилиш, захирага бўшатилган ҳарбий хизматчиларни касбга мослаштиришга қаратилган давлат дастурлари ижросини мониторинг қилиш лозимлиги таъкидланди.
Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳудудий бўлинмалари фаолиятини янада яхшилаш бўйича режалар белгилаб олинди.
Манба: ЎзА