Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Намунали китоб дўконлари аниқланди
2018-04-05 | Маданият
Навоий шаҳридаги Абдулла Қодирий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида “Энг намунали китоб дўкони” танлови ўтказилди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимлари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган танловда маърифат масканларининг замонавий дизайни, китоб фонди ва адабиётлар тури, доимий харидорлар учун имтиёзлар, кўчма китоб савдоларини ташкил этиш, кўришда нуқсони бор китобхонлар учун аудиокитоблар мавжудлиги каби кўплаб жиҳатларга эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Айни пайтда вилоятда 20 дан ортиқ китоб савдосига ихтисослашган дўконлар мавжуд. Уларда ўқувчи диди ва талаби пухта ўрганилиб, кенг турдаги адабиётлар фонди шакллантирилмоқда. Алоҳида мутолаа хоналари ташкил этишга эътибор қаратилаётир.
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимига қарашли Алишер Навоий номидаги “Китоб олами” маърифий мажмуаси танлов ғолиби, деб топилди. “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти давлат корхонаси тасарруфидаги “Китоб олами” маърифат маскани иккинчи, “Тошкент ёшлар матбуоти” масъулияти чекланган жамиятининг Навоий филиали “Китоб дунёси” дўкони учинчи ўринга сазовор бўлди.
Танловда “Энг оммабоп китоб дўкони”, “Ёшларга ихтисослашган китоб дўкони” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар рағбатлантирилди.
Нуриддин Раҳимов, ЎзА
Манба: ЎзА