Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида озиқ-овқат саноати соҳасига ихтисослашган “WorldFood Uzbekistan – 2018” халқаро кўргазмаси иш бошлади.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси, “Ўзшаробсаноат” АЖ, Савдо-саноат палатаси кўмаги билан “Iteca Exhibitions” ҳамда “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазма компаниялари ташкилотчилигида ўтмоқда.
Ўзбекистон озиқ-овқат саноати бозоридаги ўзига хос янги имкониятлар майдонида Австрия, Беларусь, Германия, Испания, Италия, Россия, Словакия, Словения, Франция, Кипр, Латвия, Нидерландия, Туркия, Ҳиндистон, Индонезия, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Америка Қўшма Штатлари, Таиланд, Шри-Ланка каби 26 мамлакатдан 200 дан ортиқ компания иштирок этмоқда.
“WorldFood Uzbekistan” кўргазмаси озиқ-овқат саноатининг илғор тажриба ва йўналишларини қамраб олгани билан аҳамиятлидир. Унда озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар, совутиш ҳамда ресторан ускуналари, қадоқлаш технологиялари намойиш этилмоқда.
– Компаниямиз Хитойдаги энг йирик ишлаб чиқарувчилардан ҳисобланади. Чой етиштирамиз, қадоқлаймиз ва қарийб бутун дунёга сотамиз, – дейди “Hunan tea group” компанияси иш бошқарувчиси Анжи Лиу. – Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик қилиб келаётганимизга ҳам 30 йил бўлди. Бу давр мобайнида Ўзбекистон замини бизга жуда қадрдон бўлиб қолди. Бу кўргазмада бешинчи бор иштирок этаяпмиз. У янги шериклар топишда қўл келмоқда.
Кўргазма доирасида Ўзбекистон – Беларусь саноатчилари халқаро форуми ўтказилиши белгиланган. Унда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари озиқ-овқат саноати бўйича ўзаро тажриба алмашади, савдо алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилади.
Яна бир янгилик – Ўзбекистонда илк бор “Ритейл марказ” ўз ишини бошлади. Бу марказ озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилари ва савдо тармоқлари ўртасида маҳсулот етказиб бериш бўйича бевосита музокаралар майдони вазифасини ўтайди. Аввалги йиллардаги йўналишларни давом эттирган ҳолда павильонда “Қандолат маҳсулотлари”, “Нон ёпиш”, “Қайта ишлаш ускуналари” шуъбалари ташкил этилган.
Халқаро тадбир доирасида Ўзбекистон – Беларусь ишбилармон доира вакиллари форуми, соҳага доир семинар бўлиб ўтади. Озиқ-овқат маҳсулотларини сифатлаш бўйича “Сифат устаси” танлови ғолиблари тақдирланади.