Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи
2018-04-04 | Жамият
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаларининг учинчи ва тўртинчи шкаласи 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб 0,5 фоизли пунктга пасайтирилди ва қуйидаги миқдорларда тасдиқланди:
- энг кам иш ҳақининг бир бараваригача бўлган даромадларга – 0 фоиз миқдорда;
- энг кам иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача бўлган даромадларга – 7,5 фоиз миқдорда;
- энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача бўлган даромадларга – 16,5 фоиз миқдорда;
- энг кам иш ҳақининг ўн баравари ва ундан юқори бўлган даромадларга – 22,5 фоиз миқдорда белгиланди.
Бунда, солиқ солинадиган даромадлар гуруҳлари бўйича солиқ солиш шкаласи йил бошига – 2018 йилнинг 1 январига белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан (172 240 сўм) келиб чиқиб аниқланади ва йил давомида энг кам иш ҳақи миқдори ўзгарган тақдирда ҳам қайта кўриб чиқилмайди.
2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, белгиланган ставкалардан келиб чиқиб ҳисобланган, бюджетга тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенция ҳисобварақларига ўтказиладиган, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинадиган даромадларидан «0» ставка бўйича солиқ солинадиган даромадни (энг кам иш ҳақининг бир бараварини) чегирган ҳолда 2 фоиз миқдорида ҳисоблаб чиқариладиган ҳар ойлик мажбурий бадаллар суммасига камайтирилиши белгиланди.
Бунда, қонун ҳужжатларига мувофиқ энг кам ставка бўйича солиқ солинадиган жисмоний шахсларнинг алоҳида даромад турларини солиққа тортиш мақсадида энг кам ставка 7,5 фоиз миқдорида қўлланилади.
Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-454-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг айрим моддаларига киритилган ўзгартиришларга асосан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартибларига бир қатор ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан, ушбу Кодекснинг 176-моддаси 4-бандига киритилган ўзгартиришга мувофиқ, жисмоний шахсларнинг мулкий даромадларини аниқлашда, жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадни белгилашда, агар мол-мулкни олиш нархи бўлмаган тақдирда унинг кадастр нархи олиниши белгиланди.
Шунингдек, Кодекснинг 179-моддаси 2-банди учинчи хат бошисига ўзгартириш киритилиб, унда иш берувчи томонидан ўз ходимларининг ўн олти ёшга тўлмаган (ўн саккиз ёшгача бўлган ўқувчилар) болалари билан барча санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларига берилган йўлланмалар қиймати суммасини тўлиқ ёки қисман қоплаш имкони берилди.
Илгари ота-оналарнинг болалари билан дам олишга фақат махсус мўлжалланган санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларига берилган йўлланма қиймати суммаси тўлиқ ёки қисман қопланиши мумкин эди. Энди ушбу банддаги «ота-оналарнинг болалари билан дам олишга махсус мўлжалланган» деган жумла чиқариб ташланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 ноябрдаги ПҚ-3377-сонли қарори билан белгиланган тартибга мувофиқ, Солиқ кодексининг 179-моддаси 12-бандига ўзгартириш киритилиб, унда жисмоний шахслар томонидан ўз томорқаларида етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари ушбу маҳсулотларни экспорт қилувчи юридик шахсларга сотилган тақдирда ҳам олинган даромаддан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод этилиши, шунингдек, улардан ушбу маҳсулотларни ўз шахсий томорқасида етиштирилганлиги тўғрисидаги ҳужжат талаб қилинмаслиги белгиланди.
Бундан ташқари, ушбу модданинг 18-банди қайта таҳрир қилиниб, халқаро ҳамда чет эл ташкилотлари ва фондларидан, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан вакил қилинган органнинг хулосаси бўлса, Ўзбекистон Республикасининг илмий-техника ҳамкорлиги соҳасидаги халқаро шартномалари доирасида бевосита жисмоний шахснинг грант берувчидан олган грант суммасини жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод этилиши белгиланди. Бунда жисмоний шахснинг грант берувчи юридик шахсдан олган грантлари бўйича имтиёз бекор қилинди.
Ушбу модданинг 19-бандига киритилган ўзгартиришга мувофиқ, жисмоний шахснинг юридик шахснинг устав жамғармасини кўпайтиришга юборган дивиденд шаклидаги даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилиши белгиланди. Шу пайтгача жисмоний шахснинг юридик шахсларнинг устав жамғармасига йўналтирилган, шунингдек, дивидендлар тарзида олинган ва дивиденд тўлаган юридик шахснинг устав фондига йўналтирилган даромадлари бир йил ичида қайтариб олинмаса ушбу даромадлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмас эди.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, Солиқ кодексининг 179-моддаси 18- ва 19-бандларига киритилган ўзгартиришлар 2018 йилнинг 1 апрелидан эътиборан кучга кирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси