Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонлик иқтидорли ёш олим халқаро Альберт Нельсон Маркуис мукофотини олди
2018-04-04 | Жамият
Куни кеча Жанубий Кореядан ажойиб бир хушхабар эшитдик. Унда Жанубий Кореянинг “Yonnam” университети профессори, наманганлик ёш иқтидорли олим Алишер Дедаханов АҚШнинг нуфузли “Marquis” ноширлик уйининг халқаро Альберт Нельсон Маркуис номидаги “Marquis Who’s Who in the World” мукофотига сазовор бўлгани ҳақидаги хабар барчамизни беҳад мамнун этди.
У Тошкент давлат шарқшунослик институтини битириб, сўнгра Жанубий Кореянинг “Yonnam” университетида "Бизнес бошқаруви" йўналишда таҳсил олди ҳамда магистр даражасига эга бўлди. Магистратурани тамомлагач, Алишер ўзи ўқиган университетда докторлик диссертациясини муваффақиятли тарзда ёқлаб, 30 ёшида фалсафа доктори (PhD) даражасига сазовор бўлди.
Келажаги порлоқ бўлган истеъдодли ёш олимни устоз мураббийлари ўзи таҳсил олган университетда ишда олиб қолиб, профессор-ўқитувчи лавозимига тайинлашди. Ҳозирда ёш олим дунёнинг 10 дан ортиқ давлатларидан келиб мазкур университетда таҳсил олаётган талабаларга сабоқ бермоқда. Шу билан биргаликда, ўтган 4 йил давомида АҚШ, Англия, Янги Зеландия, Канада, Корея ва Норвегиядаги “Social Sciences Citation index” (SSCI) ro‘yxatida yuritiladigan “Personnel Review”, “Managemant Decision”, “Managerial Psychology”, “Career Development International”, “European Planning Studies” ва бошқа нуфузли журналларда бизнес корхоналарини бошқарув услуби ва ходимларнинг креативлиги, бизнес корхоналарнинг инновацион фаолиятига таъсир қилувчи омиллар ва шунга ўхшаш бир қатор долзарб мавзуларда 13 та илмий мақолалари чоп этилди. Мазкур илмий мақолалар ўзининг муҳим аҳамияти ва мазмун-моҳияти билан халқаро илм аҳлининг диққат-эътиборини тортди.
Айниқса, Японияда ўтказилган халқаро илмий анжумандаги иштироки орқали ўзининг юқори малакали мутахассис эканлигини яна бир бор исботлади.
Жанубий Кореянинг “Yonnam” университети профессори изланувчан ёш олим Алишер Дедаханов “Marquis Who’s Who in the World” (Маркуис: Дунёда ким аслида ким) нуфузли мукофотига ўзининг меҳнатсеварлиги, ўз касбига садоқати, қисқа вақт ичидаги илмий салоҳиятли изланишлари ҳамда бу орқали дунёда бизнес ва менежмент соҳасининг ривожига қўшаётган муносиб ҳиссаси учун лойиқ деб топилди.
Marquis Who’s Who – қисқача таржимаи ҳолларни ўзида мужассам қилган АҚШнинг қатор каталоглар нуфузли нашри ҳисобланади. Мазкур каталогдан дунёдаги бизнес, юриспруденция, фан, тиббиёт, санъат, бошқарув ва шу каби бошқа соҳаларнинг юқори малакали етакчи мутахассислари ўрин олган.
Бундан ташқари, Алишер “Yonnam” университети бўйича ҳар сместр охирида талабалар томонидан професссор-ўқитувчиларнинг дарс бериш маҳоратини баҳолаш рейтинги кўрсаткичида 885 нафар профессор ўқитувчилар ўртасида таълим бериш бўйича энг кучли 5 фоизлик профессорлар қаторидан ўрин олди.
Алишер ўзи ёш бўлишига қарамасдан ҳозирда 3 нафар докторант, 4 нафар магистр талабаларга мураббий сифатида илмий раҳбарлик қилмоқда. У шогирдларига ўзининг илмий тажрибаси орқали бизнес бошқарувида илмий мақола ва диссертациялар ёзиш сирларини ўргатмоқда.
Айни кунларда у Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг "Менежмент" факультети профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун халқаро бизнес ва менежмент соҳаси бўйича инновацион ғоялар мавзуида онлайн тарзида дарс ўтишни режалаштирмоқда.
Албатта, биз хорижда халқаро миқёсда илмий фаолият билан шуғулланаётган юртдошимиз билан фахрланамиз. Фурсатдан фойдаланиб, ҳамюртимиз Алишерни ушбу юксак мукофот билан чин дилдан табриклаган ҳолда унинг келгусидаги илмий фаолиятида, ижодий ишларида ҳамда оилавий ҳаётида омадлар тилаймиз.
Манба: Наманган вилояти ҳокимлиги