Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Германияда Наврўз нишонланди
2018-04-04 | Жамият
Ўзбекистоннинг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ваколатхонаси ҳамкорлигида Берлин шаҳрида Наврўз байрамига бағишланган тадбир ташкил қилинди.
Бу ҳақда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Германиядаги ваколатхонаси вакили Камолиддин Бедиев маълум қилди.
“Тадбирга ушбу мамлакатда таълим олаётган ўзбекистонлик ёшлар, меҳнат қилаётган ватандошларимиз, Германия илмий ва академик доиралари вакиллари иштирок этди. Наврўз ғоя-мақсадига кўра, бирдамлик, тинчлик, янгиланиш байрами. Байрам тантаналарида Наврўз таровати, асрий анъаналарга содиқлик маъно-мазмуни яна бир карра намоён бўлди”, – дейди у.
Юртимиздан ташриф буюрган санъат усталарининг чиқишлари, миллий куй-қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди. Тадбир асносида шеърхонлик, миллий ўйинлар ташкил қилинди. Дастурхонга баҳорий таомлар тортилди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида келтирилган вазифалардан келиб чиқиб, “Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси” нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этилди. Унинг асосий мақсади хорижий мамлакатларда ўқиётган ва меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ёшлар билан ишлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, шунингдек, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишдан иборат.
ЎзА мухбири Муҳайё Тошқораева тайёрлади.
Манба: ЎзА