Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Талабаларга солиқ қонунчилиги тушунтирилди
2018-04-03 | Жамият
Вилоят давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан Гулистон давлат университетида Ўзбекистон Республикаси солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилги асосий йўналишларидан келиб чиқиб, солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти ҳамда солиқ қонунчилигидаги энг сўнгги янгиликлардан профессор-ўқитувчилар ва талабаларни бохабар қилиш мақсадида ўқув-амалий семинар ўтказилди.
Тадбирда сўзга чиққан Гулистон шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари О.Чоршанбиев жисмоний шахсларнинг даромад солиғи ҳамда фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ўтказиладиган мажбурий бадал суммаларига киритилган ўзгаришлар, шунингдек, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулкнинг кадастр қийматидан ҳисобланиши ва солиқ ҳисоблашда кадастр қиймати 42 миллион сўмдан кам бўлмаслиги белгиланганлигини қолаверса, мол-мулкнинг кадастр қиймати мавжуд бўлмаганда, солиқ шартли қийматда вилоят марказларида 210,0 миллион сўм, бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда 90,0 миллион сўм миқдорида ҳисобланиши хусусидаги маълумотлари нафақат ўқитувчилар, балки талабаларнинг ҳам катта қизиқишига сабаб бўлди.
Учрашувда сўзга чиққан вилоят давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ш. Юлдошев деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва мониторингини юритиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланганлигини айтиб ўтиш билан бирга, экин ерларидан мақсадли ва самарали фойдаланган ҳамда томорқани ободонлаштирган, чорва моллари ва паррандалар бош сонини кўпайтиришга эришган томорқа ер эгасига ер солиғи ставкасининг пасайтирувчи коэффициентини қўллаш тарзидаги солиқ имтиёзи берилиши мумкинлигини айтиб ўтди.
– Агарда бунинг акси яъни, томорқа ер участкаси ободонлаштирилмаганлиги, самарали фойдаланилмаётганлиги аниқланса, – дейди Ш. Юлдошев, – томорқа ер эгасига жорий йил учун ер солиғи уч баробар миқдорда ҳисобланади. Қолаверса, деҳқон хўжаликларига нисбатан эса ер участкасига бўлган ҳуқуқини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш бўйича жиддий чоралар белгиланиши мумкин.
Семинарда талабаларга контракт пули тўланишидаги солиқ имтиёзлари ва декларация ҳамда уни топширилиши бўйича батафсил маълумотлар бериб ўтилди.
Йиғилганларни қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Тадбир якунида иштирокчиларга томорқалардан унумли фойдаланишни ташкил этиш бўйича буклетлар тарқатилди.
Илғор ХАЛИЛОВ,
вилоят давлат солиқ
бошқармаси бош мутахассиси
Манба: Сирдарё вилояти ҳокимлиги