Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Янги тузилган Қурилиш вазирлиги нима билан шуғулланади?
2018-04-03 | Жамият
Мазкур вазирлик Ўзбекистон Республикасида архитектура ва қурилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади. У энг аввало, ҳудудларда аҳолини жойлаштиришнинг бош схемасини, аҳоли пунктларининг бош режаларини ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқади. Ижроси бўйича мониторинг юритади.
“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти фаолиятини мувофиқлаштиради. Шаҳарсозлик ва қурилиш учун муҳандислик-техник изланишлар соҳасида ягона илмий-техникавий сиёсатни олиб бориб, энергия самарадор ва энергия тежайдиган инновацион лойиҳаларни жорий этади.
Экспериментал лойиҳаларни ва лойиҳа ечимларини ишлаб чиқишни ташкил этиш, шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш, қурилиш материаллари ва буюмларини ишлаб чиқариш соҳасида стандартлаштириш ишларини амалга ошириш ҳам унинг вазифаларига киради.
Янги вазирлик архитектура, лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқув жараёнининг даражаси ва сифатини тубдан яхшилашда кўмаклашади. Қурилиш соҳасида, жумладан чет элдаги етакчи илмий-тадқиқот муассасаларида лойиҳачилар ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда яқиндан ёрдам беради.
Манба: ЎзА