Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
50 дан ортиқ «киракаш» жавобгарликка тортилди
2018-04-02 | Жамият
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017-йил 25-апрелдаги 238-сонли «Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш тўғрисида»ги қарорларида Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигига қўшимча вазифалар юклатилган.
Мазкур қарорлар ижросини таъминлаш бўйича Агентлик ва унинг бошқармалари томонидан йўлларда рейд тадбирлари ўтказилиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1461- (ташувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича қонунда белгиланган мажбуриятини бажармаслиги), 165- (фаолият билан лицензиясиз ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларсиз шуғулланиш), 1763- (автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш), 1764- (таксиларни ягона таниш белгилари билан жиҳозлашга, ягона таниш белгилари билан жиҳозланмаган ёки белгиланган талаблар бузилган ҳолда жиҳозланган таксиларни йўлга чиқармасликка доир талабларни бузиш) ҳамда 198-моддалари (ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш) бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилмоқда.
Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси инспекторлари томонидан жорий йилнинг январь-февраль ойларида ўтказилган рейдларда автотранспортда юк ва йўловчи ташиш қоидалари бузилган 562 ҳолат қайд этилиб, расмийлаштирилган далолатномалар суд органларига тақдим этилган эди.
Қоидабузарлар устидан сайёр суд вилоят бошқармаси биносида бўлиб ўтди. Суд мажлисида 40 нафар қоидабузарнинг иш кўриб чиқилиб, шундан 38 нафар ҳайдовчига МЖтКнинг 1763-моддасига кўра жарима тайинланди.
Агентликнинг Сирдарё вилоят бошқармасида ўтказилган сайёр суд мажлисида эса 16 та иш кўриб чиқилди: 13 нафар ҳайдовчига ЭКИҲнинг 3-5 баравари миқдорида жаримага тортилди, яна 3 нафари эса, лицензияланган ташувчи корхонага аъзолиги ҳисобга олиниб, огоҳлантирилди – бир ой муддатда фаолиятини қонунлаштирмаган тақдирда уларга ҳам жарима жазоси қўлланилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги