Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти ўрганилмоқда
2018-04-02 | Жамият
Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 8 январдаги “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида” ЎРҚ-454-сон Қонунининг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламига тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ташаббуси билан вилоят Адлия бошқармаси ҳамкорлигида 2018 йил 31 март куни “Ҳуқуқий билимлар” ўқув машғулотида шахсий таркибга мазкур қонунни батафсил тушунтириб бериш бўйича амалий ўқув-семинари ўтказилди.
Унда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси барча таркибий тузилмалари, вилоят Адлия бошқармаси ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Дастлаб, Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари, божхона хизмати майори Ж.Қодиров сўзга чиқиб, кўпчилик давлат органларига ишимиз тушганида турли органларда турлича маъмурий тартиб-таомилларга, иш юритишга, ҳар хил талаблар белгиланганига дуч келишимиз, уларнинг баъзиларида расмиятчилик ва суиистеъмолчилик, маъмурий тўсиқлар, сансалорлик ва ҳужжатбозлик каби кайфиятимизга салбий таъсир қилувчи ҳолатлар ҳам учраб туришини таъкидлаб ўтди.
Мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ бундай тўсиқлар, турлича иш юритишларни бартараф этишга қаратилган, инсон қадрини оширишга хизмат қиладиган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, тегишли қонун ҳужжатлари қабул қилинмоқда.
Шундай ҳужжатлардан бири – “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасини қонуни 2018 йил 9 январь куни матбуотда эълон қилинди. Қонун 7 боб, 88 моддадан иборат бўлиб, расмий эълон қилинган кундан эътиборан ўн икки ой ўтгач кучга кириши белгилаб қўйилди.
Ушбу қонуннинг асосий вазифаси маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборат, – дейди маърузага чиққан вилоят Адлия бошқармаси масъул ходими Шероз Шодиев. Мазкур қонуннинг кучга кириши халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак деган ғояни реал ҳаётда амалга оширишга қаратилган.
У маъмурий тартиб-таомилларнинг умумий қоидаларини белгилайди, маъмурий иш юритиш тартибини ўрнатади, маъмурий ишни кўриб чиқиш, маъмурий ҳужжатни қабул қилиш, уни маъмурий шикоят бўйича қайта кўриш, шунингдек, маъмурий ҳужжатни ижро этиш жараёнларини тартибга солади.
Ушбу қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан, лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилади.
Ижтимоий муносабатларнинг ва соҳаларнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, ушбу қонун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш, давлат хизматини ўташ, референдумлар, сайловлар ўтказиш, мудофаа, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот соҳасида, шунингдек, тезкор-қидирув фаолияти, суриштирув, дастлабки тергов, жиноий мажбурлов чораларини қўллаш билан боғлиқ бўлган бошқа фаолият, суд ишини юритиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш соҳасида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмаслиги алоҳида белгилаб қўйилди. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу қонуннинг қўлланилиш соҳасига кирувчи муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Ҳар бир соҳада ўз хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда маъмурий тартиб-таомилларни тартибга солувчи махсус қонун ҳужжатлари мавжуд. Шунинг учун ҳам ушбу қонунда муносабатлар махсус маъмурий тартиб-таомилларни белгиловчи қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган ҳолларда ушбу қонун нормалари қўлланилади деб белгилаб қўйилди. Бундан кўзланган мақсад соҳалар ва тармоқларга оид ўзига хосликни ҳамда йиллар мобайнида ўзини оқлаган тизимни беқарорлаштирмасликдир.
Қонуннинг энг муҳим жиҳатлари унинг 5-моддасида ифодаланган 13 та асосий принципларида намоён бўлади. Халқимиз томонидан ушбу асосий принциплар мазмун-моҳиятини чуқур ўзлаштириб олиш уларнинг давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан муносабатларда ўз ҳақ-ҳуқуқларини самарали ҳимоя қила олишларига, ортиқча оворагарчилик ва сарсонгарчиликка барҳам беришда муҳим роль ўйнайди.
Қонун ҳужжатларида айрим масалалар ваколатли органларнинг ўз ихтиёрига берилган. Бироқ органлар мазкур маъмурий ихтиёрийликни қонун ҳужжатларида кўзланган мақсад ва доирада амалга ошириши лозимлиги ҳақида аниқ, равшан талаб белгиланганмаган эди. Мазкур қонунда ушбу ҳуқуқий бўшлиқ тўлдирилиб, маъмурий орган маъмурий ихтиёрийликни қонун ҳужжатларида белгиланган доирада амалга ошириши шартлиги, маъмурий ихтиёрийлик асосида қабул қилинган маъмурий ҳужжатлар ва амалга оширилган маъмурий ҳаракатлар ушбу ваколатнинг мақсадига мос келиши керак деган қоида ўрнатилди. Бу турли суиистеъмолчиликларнинг олдини олишда қўл келиб, ихтиёрий масалаларни турлича талқин қилишларга ўзига хос чеклов бўлиб хизмат қилади.
Қонунда масъул органлар маъмурий ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳақиқий ҳолатларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириши шартлиги, зарурат бўлганда, маъмурий орган манфаатдор шахслар томонидан тақдим этилган далиллар билан чекланмасдан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз ташаббуси билан қўшимча далиллар йиғишга ҳақли экани белгилаб қўйилган.
Шунингдек қонунда маъмурий ҳужжатлар ва маъмурий ҳаракатлар юқорида кўрсатилган принципларга мувофиқ бўлиши кераклиги, уларга номувофиқлик маъмурий ҳужжатларнинг бекор қилинишига ёки қайта кўриб чиқилишига олиб келиши қайд этилган.
Ўқув-семинар якунида божхоначилар ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа мутахассисларидан жавоб олишди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонуннинг қабул қилиниши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини таъминлашда, мавжуд маъмурий тўсиқлар, сансалорлик ва ҳужжатбозлик кўринишларига барҳам беришда мустаҳкам қонуний асос бўлиб хизмат қилади.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси