Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хайрия тадбири ўтказилди
2018-04-02 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон-Туркия ишбилармонлари уюшмаси “UTID” томонидан пойтахтимиздаги “Wyndham” меҳмонхонасида чет давлатлар элчилари, хорижий тадбиркорлар ва дипломатик корпус вакиллари учун баҳор, яшариш ва янгиланиш рамзи, миллий байрамимиз бўлмиш Наврўз айёми муносабати билан байрам дастурхони ташкил қилинди.
Хусусан, тадбирда Афғонистон, Покистон, Венгрия, Индонезия, Грузия, Бангладеш каби давлатларнинг элчилари иштирок этишди.
Тадбир давомида Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Ахмат Башар Шен сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Туркия давлатлари ўртасидаги самарали ҳамкорлик, яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳақида фикрлар билдирди.
Ушбу тадбирдан сўнг ҳамкорлар томонидан Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пулмонология илмий-текшириш институти ҳамда Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтида даволанаётган бемор болалар учун байрам совғалари улашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги