Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хоккей федерацияси очилди
2018-04-02 | Жамият
Юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун зарур шарт-шароитлар ва инфратузилмани яратиш, мамлакатнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги ПФ–5368-сон “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида ҳам Олимпия, Паралимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон, Осиё чемпионатлари ва бошқа халқаро мусобақа ва турнирларда муваффақиятли иштирокни таъминлаш учун истиқболли спортчиларни танлаш, тайёрлаш ва маҳоратини оширишнинг, улар орасидан мамлакат терма жамоалари сифатли спорт захираси ва таркибини шакллантиришнинг самарали тизимини яратиш, хусусан, мамлакатимизда профессионал, оммавий спортни, шу жумладан спорт ўйинлари ва қишки спорт турларини ривожлантиришни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқ берилган эди.
Шу муносабат билан, Адлия вазирлиги 2018 йил 28 мартда Ўзбекистон Республикаси Хоккей федерациясини давлат рўйхатидан ўтказди.
Ушбу ташкилотнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасида хоккейни ривожлантириш, тарғиб қилиш ва оммавийлаштириш, шунингдек, шахсни ҳар томонлама ва уйғун камол топтиришда унинг ролини кучайтириш ҳамда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга кўмаклашиш ҳисобланади.
Шунингдек, ташкилот вазифаларига хоккей бўйича спорт тадбирларини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси чемпионатлари, биринчиликлари, кубоклари ва бошқа расмий спорт мусобақаларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш, хоккей бўйича Ўзбекистон Республикаси спорт терма жамоаларини тузиш ва тайёрлашда иштирок этиш, олий малакали спортчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси терма ва клуб жамоаларини халқаро спорт мусобақаларида қатнашишга тайёрлаш бўйича тадбирларни таъминлашга кўмаклашиш ва бошқа вазифалар киради.
Ўзбекистон Республикаси Хоккей федерацияси таъсисчилар конференциясида унинг раҳбари этиб, Фазилов Бахтиёр Шухратович сайланган.
Шу муносабат билан, бугун Адлия вазирлиги томонидан пойтахтимиздаги “Next” савдо комплексидаги Муз саройида федерациянинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги бўйича гувоҳномани топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу маросимда иштирок этган спортчилар ва уларнинг ота-оналари юртимизда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қишки спорт турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини билдириб, Ўзбекистон Республикаси Хоккей федерациясининг ташкил этилиши ушбу ишларнинг далили сифатида улкан тарихий воқеа бўлганлигини таъкидлаб ўтишди.
Ўз навбатида Адлия вазирлиги ҳам мамлакатимизда спортни ривожлантириш ва спортчиларимизни жаҳон ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтаришларида барча зарур чораларни амалга оширади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги