Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хитойлик тадбиркорлар Тошкент вилоятида агросаноат корхоналарини ташкил этмоқчи
2018-04-02 | Иқтисодиёт
Хитойлик тадбиркорлар Тошкент вилоятида мева ва сабзавот етиштириш, уларни қайта ишлаш ва сақлаш бўйича юқори технологияли агросаноат корхоналарини ташкил этишни режалаштирмоқда.
Вилоят ҳокимлигида шу муносабат билан ўтказилган тадбирда турли давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, тадбикорлар ҳамда фермерлар иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва инвестициялар масалалари бўйича ўринбосари Э.Қосимов меҳмонларга хорижий инвесторларга яратилган қулай муҳит, берилаётган шароит ва имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Хитойлик инвесторлар томонидан "King road animal" очиқ акциадорлик жамияти билан ҳамкорликда Қуйи Чирчиқ туманида замонавий, юқори технологияли агросаноат корхоналарини барпо этиш бўйича турли лойиҳалар намойиш этилди. Унга кўра, замонавий қуёш панелли иссиқхоналар ҳам қурилиб, қулупнай, помидор, бодринг ва бошқа мева ва сабзавотларни етиштириш, бу орқали ҳудуддаги аҳоли бандлигини таъминлаш режалаштирилган.
Хорижлик мутахассислар томонидан кўрсатилган таклифлар вилоят ҳокимлиги мутасаддиларида катта қизиқиш уйғотди. Айни пайтда ушбу масалалар юзасидан музокаралар давом этмоқда.
Абдулазиз МУСАЕВ,
ЎзА
Манба: ЎзА