Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Хьюман Райтс Вотч»нинг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ташрифи
2018-04-01 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Халқаро ҳамкорлик бошқармасида «Хьюман Райтс Вотч» офисининг Марказий Осиё бўйича директори Стив Свердлов ва халқаро ташкилот офисининг Қозоғистон Республикаси бўйича маслаҳатчиси Виктория Ким билан учрашув бўлиб ўтди.
Меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Қутбидин Бурхонов қабул қилди. Генерал-майор Қ.Бурхонов меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистонда ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Халқ фаровонлиги, юрт тинчлигини таъминлашга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли ва самарали ҳимоя қилишга қаратилган мазкур ислоҳотлар натижаси, аввало, мамлакатимиз ички ишлар органлари фаолиятида яққол кўзга ташланаётганини қайд этди.
Ўз навбатида, Стив Свердлов илиқ ва самимий қабул учун миннатдорчилигини билдирди. Шунингдек, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар доирасида муҳим ижобий ўзгаришлар кўзга ташланаётгани ва бу жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганини таъкидлади. Ишчан муҳитда ўтган суҳбат чоғида яна бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги