Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
БМТ бош котибининг махсус вакили билан учрашув
2018-03-31 | Сиёсат
2018 йилнинг 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатимизга ташриф буюрган БМТ Бош котиби Махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича Минтақавий маркази (МОПДММ) раҳбари Наталя Германни қабул қилди.
Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги халқаро конференцияда БМТ делегацияси таркибида иштирок этган Наталя Герман Ўзбекистон раҳбариятини минтақамиз учун муҳим бўлган Тошкент форумининг муваффақиятли ўтказилиши муносабати билан табриклади. Наталя Герман қайд этганидек, конференция декларациясининг якдиллик билан қабул қилиниши – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон муаммосини ҳал қилиш бўйича узоқ истиқболни кўзлаган ташаббусларини қўллаб қувватланишидир.
Бўлиб ўтган суҳбат давомида Ўзбекистон ва МОПДММ ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари Марказий Осиёдаги трансчегаравий сув муаммосини ҳал қилиш бўйича БМТнинг ва шахсан Бош котибнинг саъй-ҳаракатлари, жумладан Амударё ва Сирдарё бассейнидаги сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги МОПДММ томонидан ишлаб чиқилган конвенциялар лойиҳаларини қўллаб-қувватлади.
Учрашувда минтақа кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги