Бу ҳақида Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонида қайд этилган.
Энди қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ўртасида кафолатланган шартномалар асосида "уруғ-кўчат-маҳсулот етиштириш-тайёрлаш-сақлаш-қайта ишлаш-транспортировка қилиш-бозорга етказиш" тамойили бўйича узлуксиз занжирни шакллантиришни кўзда тутувчи кластер усули кенг жорий этилади.
Жорий йилда ҳар бир ҳудудда 1-2 та мева-сабзавот кластерлари ташкил этилади. 2019 йилдан бошлаб мева-сабзавот етиштиришга ихтисослашган барча туманларда кластер шакли йўлга қўйилади.
Уларга ички ҳамда ташқи бозордаги эҳтиёж ва тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олиб, қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, уларнинг нави ва турини белгилаш, фермер ва деҳқон хўжаликлари билан улар томонидан тайёрланаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш юзасидан шартномалар тузиш бўйича мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилади.
2018 йилнинг 1 апрелидан битта мева-сабзавот кластери ичида сотиладиган маҳсулотга қўшимча қиймат солиғи солинмайди ва давлатнинг мақсадли фондларига мажбурий ажратмалар ундирилмайди.
Манба: ЎзА