Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
2018 йилнинг 1 апрелидан бошлаб Давлат хизматлари марказларида кўрсатиладиган хизматлар сони 50 тага етказилади
2018-03-30 | Жамият
Жорий йилнинг биринчи апрелидан бошлаб, республика бўйлаб жойлашган Давлат хизматлари марказларида аҳолига инновацион технологиялар ва замон талабларига мос равишда кўрсатилиб келинаётган 37 турдаги хизматлар сони 50 тага етказилиши назарда тутилмоқда. Яна бир янгилик - давлат хизматлари юридик шахслар билан бир қаторда, жисмоний шахсларга ҳам кўрсатилади.
Бундан ташқари, кундалик ҳаётда ҳар биримиз рўпара келадиган фарзанднинг дунёга келиши, болаларни мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш ташвиши, улар билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш каби юмушлар ҳам Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади. Бу нафақат сарф-ҳаражатларни, балки инсон учун қимматли бўлган вақтни тежашга имкон яратади.
Бунда, асосий эътибор навбатда туришларни кескин камайтириш, сансалорликнинг олдини олиш, халқни давлат идораларидан рози бўлишига қаратилди.
Давлат хизматлари марказлари – аҳолига барча хизматлар бир жойда кўрсатиладиган уникал, ўзига хос маскан бўлиши кутилаяпти. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси Давлатимиз раҳбари томонидан халқнинг оғирини енгил қилиш, уларга “давлат-фуқаро” муносабатларида қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида давлат хизматларини кўрсатишнинг янги концепциясини илгари сурилиши натижасидир.
Ўтган қисқа вақт ичида туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига жами 46 минг 380 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. Жумладан, дори воситалари чакана савдоси билан шуғулланиш учун рухсатнома, ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисида, ипотека тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказиш, тиббий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини лицензиялаш, электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун рухсат бериш ва бошқалар. Бунда барча давлат хизматлари тезкор, қулай, шаффоф ва сифатли тамойиллари асосида кўрсатилди.
Статистика маълумотларига назар ташласак, ҳозирда 65 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди, шундан уларнинг қарийб 7000 га яқини сайёр тартибда амалга оширилди.
Аҳолини марказлар фаолияти, кўрсатиладиган давлат хизматлари турлари билан яқиндан таништириш, уларнинг марказларга бўлган ишончи ва қизиқишини ошириш мақсадида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги томонидан республикамизнинг энг олис, чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар ва ишбилармонлар билан жами 14 719 учрашувлар ташкил қилинди.
Шу билан бирга, Давлат хизматлари марказлари фаолиятини кенг омма орасида ёритиш, халқимизга улардан фойдаланишнинг афзалликларини тушунтириш, марказга мурожаат қилиш маданиятини шакллантириш мақсадида юртимизнинг барча аҳоли гавжум ҳудудлари, бозорлар, савдо мажмуалари, шунингдек, реклама устунларига давлат хизматлари, уларнинг турлари ва фаолият механизми ёритилган жами 5464 плакатлар, баннерлар ва 275 565 та буклет ва флайерлар, яъни кўргазмали тарғибот материаллари тарқатилди.
Шунингдек, маҳаллалар биносида Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар, ҳудудларга бириктирилган масъул ходимлар ва улар томонидан ўтказиладиган сайёр қабуллар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилган “Адлия бурчаклари” стендлари жойлаштирилди.
Олис ҳудудларда яшовчи аҳолига зарур мобиль давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш мақсадида ҳокимликлар ташаббуси билан Давлат хизматлари марказлари автомобиллар билан таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида шу каби маълумотлар ОАВ вакилларига, журналистларга тақдим этилди. Анжуман давомида журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар асослантирилган жавоблар бердилар. Шу билан бирга, агентликнинг истиқболдаги режалари хусусида ҳам уларга ахборот берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги