Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
300 нафар фуқаро ишли бўлди
2018-03-30 | Жамият
“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти таркибидаги корхоналар аҳолини сифатли қурилиш материаллари билан таъминлашга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Тармоқ корхоналарини модернизация қилиш орқали импорт ҳажмини камайтириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиш ҳам доимий эътиборда.
Соҳани ривожлантириш мақсадида хорижлик инвесторлар билан ҳамкорлик қилиш мақсадли режаларга катта йўла очади. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ, хорижий инвесторларга халқаро нормаларда белгиланган барча имтиёз ва қулайликлар яратилган. Ана шундай чора-тадбирлар самараси ўлароқ, "Жиззах" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида хорижлик инвесторлар билан ҳамкорликда йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётир.
Хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда Жиззах шаҳрида ташкил этилган “Minguan Silu Industry” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона улардан бири. Умумий қиймати 110 миллион АҚШ долларилик ушбу лойиҳа йилига 24 миллион квадрат метр ойна ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхонанинг ўтган йил декабрда ишга туширилган биринчи босқичида 29 миллион доллар маблағ ўзлаштирилиб, йилига 4 миллион квадрат метр турли безакли ойна ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу 210 иш ўрни яратиш имконини берди.
Яқинда яна бир корхона иш бошлади. Бу Фориш туманида “Mega Invest Industrial” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон –Буюк Британия қўшма корхонасидир. Йилига 2500 тонна базальт толасидан замонавий қурилиш материали бўлган арматура ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 61,1 миллион долларни ташкил этади. Лойиҳанинг 36,4 миллион доллари банк кредити, 17,6 миллион доллари хорижий инвестиция ва 7,1 миллион доллар эквиваленти корхона маблағи ҳисобига тўғри келади.
Эътиборлиси, корхонанинг биринчи босқичи ишга туширилиши билан 100 га яқин фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди .
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги