Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

2018-03-30 | Сиёсат

2018 йилнинг 29 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев олиб борди. 

Сенаторлар ишни янги таҳрирдаги “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқишдан бошладилар. 

Таъкидланганидек, давлат мукофотлари рағбатлантиришнинг олий шаклидир. Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар мукофотланиши мумкин. Қонунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари чет эл давлатларининг мукофотлари билан ҳам тақдирланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. 

Қонунда давлат мукофотларининг турлари белгилаб берилган, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони, Ўзбекистон Республикасининг 34 та фахрий унвони, 11 та орден, 4 та медаль ва Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғи шулар жумласидан. Давлат мукофотларига тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси кенгайтирилган. Янги қонунга мувофиқ бундан буён мукофотга тақдим этиш ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Судьялар олий кенгаши, Марказий банк, Давлат хавфсизлик хизмати, Ҳисоб палатаси, Марказий сайлов комиссияси раислари, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, бошқа республика муассасаларининг, нодавлат нотижорат ташкилотлари республика органларининг раҳбарлари эга бўлади. 

Қонунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат мукофотлари билан тақдирлаш ташаббусини мустақил илгари суриш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Президентини давлат мукофотлари билан тақдирлаш Олий Мажлис палаталари ташаббуси билан амалга оширилади. 

Қонунда давлат мукофотларидан фойдаланиш тўғрисидаги норма алоҳида ўрин эгаллайди. Хусусан, уларни тақиб юриш, планкалардаги ленталарни ва кичкина кўчирма нусхаларини тақиб юриш, давлат мукофотларини сақлаш ва улар тасвиридан фойдаланиш тартиби белгиланган. Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун ҳужжати давлат томонидан рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш, ваколатли органларнинг бу соҳадаги масъулиятини оширишга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра сенаторлар “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар. Таъкидланганидек, ҳуқуқий ҳужжат Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали жамият ва давлат ишларини бошқаришга бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланган ҳуқуқларининг амалга оширилиши билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган. 

Қонунда жамоатчилик назоратининг субъектлари, объекти, унинг асосий тамойиллари белгиланган. Жумладан, жамоатчилик назорати субъектларига фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари киритилган. Жамоатчилик назоратининг объекти сифатида давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқ-тартибот ва назорат идоралари ҳамда уларнинг мансабдор шахсларининг фаолияти белгиланган. 

Жамоатчилик назоратининг давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар, давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик экспертизаси, жамоатчилик фикрини ўрганиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботларини эшитиш каби шакллари ўрнатилган.
 
Сенаторларнинг фикрича, ушбу ҳуқуқий ҳужжат фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя қилиши таъминланишининг, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, гуманитар ва бошқа соҳаларда улар олдида турган вазифалар ва ваколатлар самарали амалга оширилишининг муҳим омили бўлади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Шундан сўнг сенаторлар “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар. Қонуннинг мақсади ушбу соҳага оид амалдаги қонун ҳужжатларининг нормаларини тартибга солиш ва янада такомиллаштиришдан иборат. 

Қонунда давлат харидларини давлат томонидан тартибга солиш нормалари акс эттирилган, давлат харидлари субъектлари қайд этилган, давлат харидлари жараёнига қўйиладиган умумий талаблар белгилаб қўйилган. 

Электрон дўкон орқали харид қилиш тартибининг киритилиши муҳим янгилик ҳисобланади. Қонунда электрон дўконнинг ишлаши ва ундан фойдаланиш тартиби келтирилади, шунингдек, харидларни аукцион, танлов ва тендер орқали амалга ошириш, харид комиссияси фаолияти белгиланган. Қонунда товарларни (ишларни, хизматларни) ягона етказиб берувчидан харид қилиш масалаларини тартибга солувчи нормалар ҳам белгилаб берилган. 

Ушбу қонун нормаларига мувофиқ харид қилиш тартиб-таомиллари устидан мониторинг ўтказиш ҳамда жамоатчилик ва давлат назоратини амалга ошириш, шунингдек, давлат харидларига доир шикоятлар, низолар ва келишмовчиликларни ҳал қилиш механизми белгиланган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Шундан кейин сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар. 

Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг (бундан буён матнда Хизмат деб юритилади) фаолиятини тартибга солишдан иборат. 

Қонунга мувофиқ Хизмат давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўз фаолиятини махсус воситалар, шакллар ва услубларда амалга оширадиган махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади. 

Қонунда Хизмат органлари фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб қўйилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига бўлган тажовузларнинг олдини олиш, аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш бўйича разведка ва контрразведка фаолиятини амалга ошириш, Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш, Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари ва мудофаа-саноат комплексини давлат хавфсизлигига бўладиган хавф-хатарлар ҳамда таҳдидлардан ҳимоя қилиш, мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича стратегик ташаббусларни амалга оширишда иштирок этиш, терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчиликка, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш, давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи, миллий, этник ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга барҳам бериш каби йўналишлар шулар жумласидандир. 

Бундан ташқари, илмий-техник, ижтимоий ва ахборот соҳаларида давлат хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси халқининг маданий-тарихий ҳамда бой маънавий меросини ҳимоя қилиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат манфаатларига ҳамда хавфсизлигига таҳдид солувчи коррупция ҳолатларига қарши курашиш, телекоммуникациялар ва транспорт соҳасида давлат хавфсизлиги ҳамда давлат манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш ва фавқулодда вазиятларга шарт-шароит яратувчи омилларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга барҳам бериш, текширилиши Хизмат ваколатига киритилган жиноят ишлари бўйича тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш, терговгача бўлган текширув ва дастлабки терговни ўтказиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат сирларининг сақланишини, махсус алоқанинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ахборотнинг криптографик ҳимоясини ташкил этиш устидан назорат қилиш, давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига имкон яратувчи сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш, Хизматнинг жанговарлик ва сафарбарлик шайлиги ҳолатини такомиллаштириш ҳамда сақлаб туриш, фавқулодда вазиятлар юзага келганда ва ҳарбий ҳолат жорий қилинганда куч ва воситаларни ҳаракатларга тайёрлаш Хизмат фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади. 

Қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилиш, фуқароларнинг ёрдамига таяниш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси устуворлиги, яхлитлик, мустақиллик, конспирация Хизмат фаолиятининг асосий принциплари сифатида қайд этилмоқда. 

Қонунда Хизмат томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ҳамда ўқотар қуролни қўллаш шартлари ва чегаралари, давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан фойдаланиш тартиби белгиланмоқда. 

Таъкидлаш лозимки, Хизмат ўз фаолиятини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва бевосита унга ҳисобот беради. Шунингдек, Хизмат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасини ўз фаолиятининг асосий йўналишлари юзасидан мунтазам хабардор қилиб боради. 

Шу билан бирга, Хизматнинг фаолиятида қонунларнинг аниқ ҳамда бир хилда ижро этилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Сўнгра сенаторлар янги таҳрирдаги “Ўрмон тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар. Қонуннинг мақсади амалдаги қонун нормаларини такомиллаштириш, ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрор кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. 

Жумладан, атама ва таърифларни бир хилда қўллаш ва турлича талқин этилишининг олдини олиш мақсадида “ўрмон”, “ўрмонларни кўпайтириш”, “ўрмонни муҳофаза қилиш”, “ўрмонларни такрорий кўпайтириш”, “ўрмондан фойдаланувчилар”, “ўрмонларни қайта тиклаш” каби тушунчалар киритилмоқда. 

Бу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилмоқда, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ваколатлари белгилаб берилмоқда. 

Ушбу қонунда ўрмонлар муҳофаза қилинишини таъминлаш ва улардан фойдаланишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар иштирокининг ҳуқуқий механизми мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Хусусан, улар дастур ва тадбирларни амалга ошириш, аҳоли орасида ўрмонлардан оқилона фойдаланиш бўйича тушунтириш ишларини ўтказиш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш, давлат идораларига бу соҳада кўмак кўрсатишда иштирок этадилар. 

Бундан ташқари, қонун билан ўрмонни қўриқлашга доир қатор чоралар, жумладан, қоидалар, чеклов ҳамда тақиқлар, ўрмонга зарарли таъсир кўрсатилишининг ёки унинг йўқ қилиб юборилишининг олдини олишга қаратилган қоидалар жорий этилмоқда. 

Қонун билан ўрмондан фойдаланишнинг асосий қоидалари анча такомиллаштирилган. Жумладан, дарахт ва буталарни кесмаган ҳолда ўтин ва шох-шаббаларни йиғиш, ўрмон-овчилик, овчилик ва (ёки) балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжлари учун фойдаланиш, экологик туризмни ривожлантириш мақсадида фойдаланиш каби ўрмондан фойдаланишнинг янги турлари киритилмоқда. 

Ўрмонларни муҳофаза қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ўрмонлардан фойдаланишга ёки фойдаланишнинг айрим турларига нисбатан чекловлар ёки тақиқлар белгилаши мумкин. 

Ўрмонларнинг дарёлар, кўллар, сув омборлари ва бошқа сув объектлари соҳиллари бўйлаб ўтган тақиқланган минтақаларида, эрозиядан сақлайдиган ўрмонларда, сув таъминоти манбаларини санитария жиҳатидан муҳофаза қилиш зоналаридаги ўрмонларда, алоҳида қимматга эга бўлган ўрмонларда, ёнғоқзор ўрмон зоналарида, давлат қўриқхоналарининг ўрмонларида, шунингдек, белгиланган режимга мувофиқ табиат боғларининг, буюртма қўриқхоналарнинг, курорт табиий ҳудудларининг, давлат биосфера резерватларининг, давлатлараро муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ўрмонларида чорва молларини ўтлатишга йўл қўйилмайди. 

Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши давлат ўрмон фондини, унинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини қўриқлаш ва ундан оқилона фойдаланишнинг қонунчилик асосини мустаҳкамлаш, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Шундан сўнг сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмати соҳаси ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Коммунал соҳа барқарор ва сифатли фаолият кўрсатиши муҳимлиги, унинг такомиллаштирилиши, шунингдек, коммунал хизматлар ходимлари меҳнатини муносиб баҳолаш муҳимлиги қайд этилди. Ҳозирги вақтда республикада ушбу соҳада 157 мингдан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. 

Коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, виждонан қилинадиган меҳнатни рағбатлантириш мақсадида қонун билан 18 апрель куни Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмати соҳаси ходимлари куни этиб белгиланмоқда. Сенаторларнинг фикрича, бу коммунал хизматлар сифати ва самарадорлигини янада оширишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Шундан сўнг сенаторлар “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар. 

Қайд этилганидек, ушбу қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлисга кўриб чиқиш учун киритилди. Қонун илғор хориж тажрибасини ҳисобга олган ҳолда суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик асосларини янада такомиллаштиришга қаратилган ҳамда Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларга ва “Прокуратура тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутади. 

Қонун нормаларида далилларни қалбакилаштирганлик (сохталаштирганлик) учун жиноий жавобгарлик ўрнатилмоқда, ёлғон гувоҳлик ва ёлғон хабар берганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Қонунга хилоф усуллар орқали ёки жиноят процесси иштирокчиларини қонун билан кафолатланган ҳуқуқларидан маҳрум қилиш ёки бу ҳуқуқларни чеклаш йўли билан олинган фактик маълумотларни далил-исботлар сифатида фойдаланишни тақиқловчи тегишли норма киритилмоқда. Шунингдек, судларда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши принципини чеклайдиган қўшимча талабларни жорий этиш тақиқланмоқда, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. 

Бундан ташқари, қонунда сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахсларнинг мазкур эҳтиёт чораси устидан суд тартибида шикоят қилишга доир ҳуқуқлари, шунингдек, ҳимоячининг далилларни тўплаш ва тақдим этишга доир ҳуқуқлари кенгайтирилмоқда, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш жараёни, тергов эксперименти албатта видеога олиниши, шунингдек, суд текшируви жараёнида стенографик ёзув олиб борилиши ҳақидаги талаб жорий этилмоқда. Далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашда рухсат берилмаган усуллар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар суд-тиббий экспертизаси ёки бошқа экспертиза ўтказилган ҳолда прокурор ёки суд томонидан албатта текширилиши лозимлигини назарда тутувчи тартиб ўрнатилмоқда. 

Шунингдек, қонунда озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаётган, қамоқда сақланаётган, ушлаб турилган ёки маъмурий қамоққа тортилган шахслардан жиноятлар тўғрисида олинган аризалар, хабарларни ва бошқа маълумотларни дарҳол рўйхатга олиш ва ҳал этишда жиноят-процессуал қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилаётганлиги прокурор томонидан мажбурий тарзда текширилиши ҳақидаги нормалар жорий қилинмоқда. 

Сенаторлар таъкидлаганидек, ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини ишончлироқ таъминлашга, уларнинг қадр-қиммати ва шаъни камситилишига йўл қўймасликка, шунингдек, суд ва тергов органлари жавобгарлигини кучайтиришга, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судга бўлган ишончини оширишга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Шундан кейин сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар. Мазкур қонунда ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажариш назарда тутилмоқда. 

Хусусан, амалдаги қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар журналистлик фаолиятининг эркинлигини таъминловчи ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитлар яратишга, журналистларнинг ҳуқуқий мақомини аниқлашга қаратилган. 

Қонун билан моддий маданий мерос объектларини қўриқлаш ва улардан фойдаланиш масалалари кучайтирилмоқда, сув объектларидан фойдаланиш шартлари аниқлаштирилмоқда, ахборот-кутубхона фаолияти соҳасини тартибга солувчи амалдаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилмоқда, шунингдек, ишга қабул қилинаётган шахс яқин қариндошларининг судланганлиги сабабли уни ишга қабул қилишни рад этиш тақиқланиши назарда тутилмоқда. 

Шунингдек, қонун билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари орасидан чет давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва бошқа тузилмалар тузишни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. 

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига жиноят ишларини ошкора кўриш суднинг ташаббуси билан ёки жиноят процесси иштирокчиларининг илтимосномасига кўра аудио ва видеоёзувга олишдан фойдаланган ҳолда ҳамда видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкинлигини, шунингдек, суднинг қонуний кучга кирган қарорлари жиноят процесси иштирокчиларининг розилиги билан ёки шахсини кўрсатмаган тарзда суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши мумкинлигини (бундан ёпиқ суд мажлисларида кўрилган ишлар бўйича суд қарорлари мустасно) назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. 

Қонун билан фермер хўжаликларини ташкил этиш механизми такомиллаштирилмоқда. Масалан, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига фермер хўжаликларини ташкил этиш механизмини такомиллаштиришни, ер участкалари тақдим этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни, кўп тармоқли фермер хўжаликларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш ва уларни рағбатлантириш тизимини, фермер хўжаликлари ҳуқуқларини янада кенгайтиришни ҳамда уларнинг моддий манфаатдорлигини оширишни, ҳуқуқни қўллаш амалиётида юзага келадиган муаммоларни ва қонун ҳужжатларидаги нуқсонларни бартараф этишни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. 

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларда энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган турар жойларда муқобил энергия манбаларидан фойдаланувчи жисмоний шахсларга муқобил энергия манбалари ўрнатилган ойдан эътиборан уч йил муддатга мулк солиғи ва ер солиғидан озод қилиш тарзида имтиёзлар бериш, ягона ижтимоий тўловни пахта йиғим-терими бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинган жисмоний шахслар томонидан бу ишларни бажарганлик учун олинадиган даромадларга нисбатан ҳисоблаб чиқармаслик, солиқ солинадиган базани туристик фаолият субъектлари учун – туристик хизматларни онлайн-бронлаштириш ва сотиш бўйича дастурий маҳсулотларни ҳамда ахборот тизимларини жорий этишга йўналтирилган маблағлар суммасига камайтириш, шунингдек, кўп тармоқли фермер хўжаликларини кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестрига киритилган кундан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа даромад турлари бўйича ягона солиқ тўловини тўлашдан беш йил муддатга озод этиш назарда тутилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Сўнгра сенаторлар халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни ратификация қилиш тўғрисидаги бир қатор қонунларни, шу жумладан, “Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида уч давлатнинг Давлат чегаралари туташган нуқтаси ҳудуди тўғрисида шартномани (Самарқанд, 2017 йил 10 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини, “Ўзбекистон Республикаси билан Афғонистон Ислом Республикаси ўртасида фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартномани (Тошкент, 2017 йил 5 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини, “Умумжаҳон почта иттифоқи Уставига тўққизинчи қўшимча баённомани (Истанбул, 2016 йил 6 октябрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини, “Ислом ташкилотининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича уставини (Боку, 2015 йил 26 ноябрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини, “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Экстремизмга қарши курашиш бўйича конвенциясини (Остона, 2017 йил 9 июнь) ратификация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар. 

Барча кўриб чиқилган қонунлар муҳокамалардан сўнг сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитдилар. 

Омбудсманнинг 2017 йилдаги фаолияти давлат ва жамият фаолиятининг барча соҳаларида туб ислоҳотларни амалга ошириш, фуқароларнинг фаровон ҳаёти учун шарт-шароитлар яратиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган вазифаларни бажаришга қаратилганлиги таъкидланди. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастурига биноан Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қадамлар қўйилди. Омбудсманнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари ҳамда давлат дастурлари ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ҳуқуқлари ва ваколатлари кенгайтирилди. 

2017 йилда Ўзбекистон Республикаси ва чет давлатлар фуқароларининг, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, жамоат ташкилотларининг ва юридик шахсларнинг 9074 та мурожаати Омбудсман томонидан кўриб чиқилиб ҳал этилди. Мазкур ишлар натижасида 34 киши ишга жойлаштирилди ва лавозимига қайта тикланди, 53 нафар оилага моддий ёрдам, 39 нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилди, 2319 миллион сўм давлат фойдасига, 263 миллион сўм мурожаат қилганлар фойдасига ундирилди, тижорат ишларини ривожлантириш учун 133 миллион сўмлик кредитлар олишда кўмак берилди. 

Омбудсман томонидан қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш устидан парламент назоратини кучайтириш бўйича аниқ мақсадга қаратилган ишлар олиб борилмоқда. Ноқонуний хатти-ҳаракатлар устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш якунлари ҳақида парламент палаталарини вақти-вақти билан огоҳлантириб бориш механизми жорий этилди, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларига йўл қўймаслик бўйича назорат-таҳлилий тадбирлар ташкил этиш ва олиб боришнинг қўшма жадвали тасдиқланди. 

Сенаторлар ҳисоботни муҳокама қилиш давомида Омбудсман ишининг самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар ва тавсияларни билдирдилар. 

Муҳокама якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди. 

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн тўртинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.

 
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Манба: ЎзА

Поделиться