“Қаддимиздан қадримиз баланд ” дейишмоқда Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги Бекобод қишлоғи Бўстон маҳалласида фойдаланишга топширилган янги уй-жойлар соҳиблари.
Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори асосида барпо этилган уйларни топшириш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Қишлоқларда аҳолининг турмуш маданияти ва фаровонлигини ошириш, кам таъминланган оилалар ва ногиронларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
– Бундай ғамхўрлик ва меҳр-мурувват кўнглимизни тоғдек кўтаради, – дейди янги уйлардан бирининг соҳибасига айланган ўн етти ёшли II гуруҳ ногирони Заҳрохон Аҳмаджонова. – Имконияти чекланган биздай инсонларга ҳам ҳаётда ўрни борлигини ҳис қилиш имконини яратиб бераётган давлатимиздан миннатдормиз. Энди мен ўз уйимга эгаман, бундан ташқари, менга тикув машинаси ҳам совға қилишди. Қўлимдан келганча ишлаб, жамиятга наф келтиришга ҳаракат қиламан.
– Қаддимиздан қадримиз баланд бўлаётганига беҳад шукроналар айтамиз, – дейди тандирчи ҳунарманд Мирзамурод Отамирзаев. – Олти фарзандим бор, шунинг учун уй-жойга муҳтож эдим. Мурожаатим эътиборга олиниб, имтиёзли кредит асосида оиламизга уй берилди. Бу биз учун жуда қулай бўлди, ахир кредитни ўн беш йил давомида тўлаш қийинчилик туғдирмайди.
Шу куни ўн нафар кам таъминланган оила ва ногиронлиги бор юртдошларимиз икки сотихли, уч хонали ҳовлига кўчиб кирди. Ҳамжиҳатликда ўтказилган уй тўйида дошқозонда сумалак, иккинчисида ош дамланиб, элга дастурхон ёзилди.
Уй тўйлари бадиий ҳаваскорлик, фольклор жамоаларининг куй-қўшиқ ва рақслари, дорбозларнинг қизиқарли томошаларига уланиб кетди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.
Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА