Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги Мудофаа вазирлиги ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда мамлакатнинг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашдаги уларнинг масъулиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонига мувофиқ, мамлакатимиз ҳудудларида, жумладан, Бухоро вилоятида ҳам ҳарбий-маъмурий сектор фаолият юритмоқда.
– Сектор ва унинг аъзолари зиммасидаги вазифалар доираси кенг, – дейди вилоят ҳокими, Бухоро ҳарбий-маъмурий сектори раҳбари Ўктам Барноев. – Вилоят ҳудудида аҳоли, айниқса, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Қуролли Кучлар ҳарбий қисм командирлари ҳамда муассаса бошлиқларига кундалик фаолиятини самарали ташкил этишга кўмаклашиш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ҳарбий шаҳарча ва полигонлар инфратузилмасини ривожлантириш каби долзарб масалалар шулар жумласидандир. Тузилманинг фаолият самарадорлиги кўп жиҳатдан ташкилий ишлар оқилона йўлга қўйилишига боғлиқ. Шунинг учун ҳарбий-маъмурий секторнинг иш алгоритми ва назорат тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Унинг фаолиятини ташкил этиш бўйича 2018-2021 йилларга мўлжалланган “Стратегик йўл харитаси” ва унда белгиланган вазифалар асосида 2018 йил учун “Йўл харитаси” тузилди. Белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида бажарилиши юзасидан мониторинг юритиш ва ҳар ойнинг 25-санасига қадар сектор раҳбари ва аъзолари амалга оширган ишлар бўйича ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилди.
Белгиланган вазифалар доирасида жорий йилнинг 5 февралидан бошлаб Когон туманидаги ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчилари учун аутсорсинг шартларида овқатланиш тизими ташкил этилди. Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияга қарашли ҳарбий қисмларда ҳам шундай тизимни қўллаш бўйича таклифлар тайёрланди.
Президентимизнинг 2017 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш доирасида вилоят ҳокимлиги, халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлинмаси ҳамда Қуролли Кучлар фахрийларини жалб этган ҳолда “Ўзбекистон – мустақил Ватаним, миллий армиям – фахрим, ғурурим!”, “Ватан озодлиги – бахтим гарови!”, “Ягонасан, муқаддас Ватаним!”, “Ватанга хизмат – олий фазилат!”, “Армия – буюк келажак кафолати!” каби мавзуларда давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилди. Давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан Бухоро гарнизони, ҳарбийлар, ҳарбий қисмлар билан ҳамкорликда “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактаби!” шиори остида маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг нуфузини ошириш, ёшларни миллий армиямизнинг ташкил этилиши ва ривожланиши тарихи билан таништириш мақсадида касб-ҳунар таълими тизими ҳамда умумтаълим мактабларида сабоқ олаётган ўғил болалар учун вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган махсус жадвал асосида ҳарбий қисмларда “Очиқ эшиклар” кунлари ташкил этилди.
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вилоят ҳудудий филиали ҳамда тегишли масъул бошқарма ва ташкилотлар ҳамкорлигида ҳудудда фаолият кўрсатаётган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилди.
“Бухоро маданий маркази”да “Миллий армиямиз ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир!” шиори остида замонавий ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳалар намойиши, ҳарбий оркестр ва бадиий жамоаларнинг чиқиши, ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги бўйича кўриги, шунингдек, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг ҳарбий-техник ва спорт имкониятларини намойиш этувчи кўргазмаларини ўз ичига олган ҳарбий-ватанпарварлик фестивали ташкил этилди. Унда 6 мингдан зиёд ёш қатнашди.
Жорий йил 6-, 8-январь кунлари Тошкент ва Андижон вилоятларида муддатли ҳарбий хизмат ўтаётган аскарларнинг ота-оналари ва дўстлари билан “Менинг дўстим – Ватан ҳимоячиси!” мавзусида видеоконференция ўтказилди. Унга 560 дан зиёд умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабалари ҳамда ўқитувчилари жалб этилди.
Ҳарбийларни ижтимоий ҳимоя қилиш сектор фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир.
2017 йилнинг 17 декабрь куни кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Бухоро шаҳрида ҳарбийлар учун қурилган 36 хонадонли 2 та уч қаватли уй-жой фойдаланишга топширилди. Жорий йилда бу ишлар давом эттирилиб, Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмлари хизматчилари учун ҳар бири 30 хонадонли 3 та уй барпо этилади. Шунингдек, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари учун 30 хонадонли 1 та, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасига 30 хонадонли 1 та, Ички ишлар вазирлиги тизимидаги ҳудудий тузилмалар ходимлари учун ҳар бири 30 хонадонли 2 та уй фойдаланишга топширилади.
Юрт ўз фидойиларини эъзозлайди. Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан хизмат вазифасини ўташ пайтида ҳалок бўлган 10 нафар ҳарбий хизматчи хотирасига ҳурмат бажо келтирилиб, уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилди. Масалан, улардан бири Акбаржон Файзиевнинг турмуш ўртоғига вилоят ҳокимлиги томонидан Бухоро шаҳридан 3 хонали уйнинг калити топширилди.
Байрам тадбирлари доирасида ҳарбий қисмлар ва муассасаларга бириктирилган ҳомий ташкилотлар томонидан 6 компьютер жамланмаси, битта ноутбук, принтер ва бошқа маиший техника ҳамда эсдалик совғалари берилди. Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси ва ҳарбий қисмларнинг ҳар бирига енгил автомашина ажратилди.
Сектор томонидан Президентимизнинг 2018 йил 13 январдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга қаратилган тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Вилоят ҳокимининг тегишли қарорига асосан чақирилувчиларнинг сифатли ва холисона тиббий кўрикдан ўтказилишини ташкил этиш, чақирув комиссияларининг фаолияти шаффофлиги, улар томонидан адолатли қарор қабул қилиниши ҳамда ҳарбий хизматга энг лойиқ номзодлар танлаб олинишига алоҳида эътибор берилди.
Вилоят ҳудудидаги йиғин ва чақирув пунктлари самарали фаолият кўрсатиши учун тегишли шароитлар яратилди. Хусусан, иссиқлик, электр энергияси таъминоти тизими узлуксиз ишлаши диққат марказида бўлди.
Жорий йилнинг февраль ва март ойлари давомида вилоят ҳокимлиги томонидан вилоят мудофаа ишлари бошқармаси билан ҳамкорликда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган фуқароларни кузатиш, Қуролли Кучлар резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни кутиб олиш маросимлари байрамона ташкил этилмоқда. Бундай тадбирлар ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Қуролли Кучлар тасарруфидаги ҳарбий қисмлар ва муассасаларга маиший турмуш, жанговар, маънавий-маърифий тайёргарлик соҳаларидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, жумладан, ҳарбий шаҳарча ва полигонлар инфратузилмасини ривожлантириш, аутсорсинг тизимини татбиқ этиш секторнинг доимий эътиборида.
Когон туманида жойлашган ҳарбий шаҳарча ҳарбий хизматчилари учун тегишли қулайликлар яратиш мақсадида ташқи девор, спорт зали, йўлаклар, ўқув бинолари, овқатланиш ва яшаш жойлари таъмирланди, ҳарбий қисм атрофи ободонлаштирилди.
Бухоро тумани Зармоноқ қишлоғида жойлашган маиший хизмат ва сервис касб-ҳунар коллежи негизида янги ҳарбий шаҳарча барпо этиш мақсадида реконструкция ишлари жадал суръатда олиб борилмоқда. Миллий гвардия вилоят бўлими учун тегишли қулайлик яратилди.
Ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий дунёқарашини оширишда китобнинг ўрни катта. Шунинг учун ҳам сектор ҳарбий қисмлар, чегара постлари кутубхоналарини бадиий, сиёсий ва ҳуқуқий адабиётлар билан тўлдиришга амалий ёрдам кўрсатишни доимий назорат қилмоқда.
Албатта, ҳарбий-маъмурий сектор зиммасига юклатилган вазифалар ижроси молиявий харажатларга ҳам боғлиқ. Шунинг учун вилоят ҳокимининг тегишли қарорига мувофиқ, вилоят молия бошқармасига ҳар йили асосланган ҳисоб-китобларга кўра, келгуси молиявий йил учун маҳаллий бюджетни шакллантириш жараёнида даромадлар режаси ошириб бажарилган қисмининг 10-15 фоизи миқдоридаги пул маблағларини сектор зиммасидаги вазифалар ижросини таъминлашга йўналтириши белгилангани муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги кунда вилоят маҳаллий ҳокимият органлари, мудофаа ишлари бошқармаси ва унинг бўлимлари, ҳарбий қисмларда Бухоро ҳарбий-маъмурий сектори деган ибора тез-тез тилга олинади. Ташкил этилганига эндигина уч ой бўлган бу сектор Қуролли Кучлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ижтимоий дахлдорлигини ошириш борасида ҳудудда Мудофаа вазирлиги ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада самарали йўлга қўйишда янги тизим сифатида мустаҳкам мавқега эга.
Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА