Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Оммавий ахборот воситалари жамоатчилик назоратининг субъектлари сирасига киритилмоқда
2018-03-30 | Жамият
Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида сенаторлар “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни маъқуллади.
- Жамоатчилик назорати давлат органлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш орқали фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари муҳофазасини таъминлашга хизмат қилади, - дейди Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Толиб Мадумаров. - Юзга яқин қонуности ҳужжатларида давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг у ёки бу кўринишига тааллуқли нормалар ўз аксини топган. 2014 йилда Конституцияга давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизми киритилган.
Бироқ, қонунчиликда жамоат назоратининг моҳияти, турлари, уни амалга оширишнинг усул ва шакллари, умуман олганда, назорат қилиш механизмларини назарда тутувчи махсус қоидалар, ягона ҳужжат мавжуд эмас эди.
“Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги янги қонун жами 21 моддадан иборат бўлиб, унда жамоатчилик назорати субъект ва объектлари, асосий принциплари ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш шакллари белгиланмоқда.
Эндиликда қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари; нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари жамоатчилик назоратининг субъектлари бўлиши мумкин.
Шунингдек, жамоатчилик назорати жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари ва қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда жамоатчилик назоратини ўтказишнинг бошқа ташкилий шакллари масалан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва бошқа идоралар ҳузурида ташкил этиладиган жамоатчилик кенгашлари томонидан амалга оширилиши мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда.
Жамоатчилик назоратининг объекти сифатида эса давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг фаолиятлари белгиланмоқда.
Бундан ташқари, қонунга мувофиқ, жамоатчилик назорати субъектлари давлат органлари фаолияти устидан қатор шаклларда назорат олиб боришлари белгилаб қўйилмоқда.
Давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар йўллаш; давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш; жамоатчилик муҳокамаси; жамоатчилик эшитуви; жамоатчилик мониторинги; жамоатчилик экспертизаси; жамоатчилик фикрини ўрганиш; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ижро этувчи ҳокимият органларининг, бошқа ташкилотлар ва муассасаларнинг ҳисоботларини эшитиш кабилар шулар жумласидандир.
Манба: ЎзА