Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош вилоятлари раҳбарлари кенгашининг биринчи мажлиси тўғрисида
2018-03-30 | Сиёсат
2018 йилнинг 29 март куни Фарғона шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош вилоятлари ҳокимлари (ҳукуматнинг ваколатли вакиллари) кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Республикаси Бош вазири Сапар Исаков раислик қилдилар.
Ҳамкорликнинг мазкур шакли Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси президентларининг ташаббусларига кўра ташкил этилган ва 2017 йил сентябрь ойида тегишли Меморандум билан мустаҳкамланган.
Кенгаш чегарадош вилоятлар ўртасида икки томонлама муносабатлар ҳолатини мониторинг ва таҳлил қилади, шунингдек, ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқади.
Кенгаш мажлиси давомида минтақалараро ҳамкорлик, савдо-иқтисодий ва инновацион шериклик, маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш, фуқароларнинг Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасини кесиб ўтиши ҳамда ўтказиш пунктларининг амал қилиш шароитларини яхшилаш тўғрисидаги қатор битимларни тадбиқ этиш масалалари ва икки томонлама муносабатларнинг бошқа долзарб жиҳатлари кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, ўтган қисқа муддат давомида икки давлатнинг чегарадош вилоятлари ўртасидаги ҳамкорлик фаол тус олди. Хусусан, 2018 йили Наврўз байрамини нишонлаш арафасида Боткен вилояти, Жалол-Обод вилояти ва Ўш шаҳри делегациялари мос равишда Фарғона вилояти, Наманган вилояти ва Андижон шаҳрига ташриф буюрди. Ўз навбатида вилоятлар ўртасида ўзаро савдо ва маданий-гуманитар алоқалар ривожланмоқда.
Шунингдек, Кенгаш доирасида Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларининг экспортга йўналтирилган маҳсулотлари қўшма кўргазмаси ҳамда «Б2Б» – тўғридан-тўғри бизнес-диалог шаклида икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари мулоқоти ташкил этилди.
Инсонлараро алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда чегарадош минтақалар ўртасида барча йўналишларда ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришга барча саъй-ҳаракатларни бундан кейин ҳам йўналтиришдан томонлар манфаатдор эканлиги изҳор этилди. Ҳозирги вақтда Давлат чегарасида бир нечта ўтказиш пунктлари очилди. Мазкур йўналишдаги иш давом эттирилади.
Учрашув якунига кўра Кенгашнинг навбатдаги мажлисини Қирғизистон Республикаси ҳудудида ўзаро келишилган муддатда ўтказиш тўғрисида келишилди.
Томонлар тегишли якуний Баённома имзоладилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги