Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Янги кодекс тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоялайди
2018-03-30 | Жамият
Мамлакатимиз иқтисодиёти юксалиб, самарали фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони ортиб бораётгани сабабли Президентимиз ташаббуси билан хўжалик судлари ўрнида иқтисодий судлар ташкил этилди ва унинг доираси кенгайтирилди.
Бу ўзгаришлар Иқтисодий процессуал кодексни қабул қилиш заруратини юзага келтирди. 2018 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги қонун билан янги кодекс тасдиқланди. 5 бўлим, 37 боб ва 347 моддадан иборат мазкур кодекс жорий йилнинг 1 апрелидан кучга киради.
Кодекс билан иқтисодий судларда ишларни юритиш тартиби такомиллаштирилди. Соҳага оид қонунчилик ва амалиётдаги айрим камчиликлар бартараф этилди. Асосийси, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилиш механизми такомиллаштирилди. Бу эса тадбиркорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Кодексда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан янада кенг фойдаланишга оид норма белгиланди. Эндиликда суд мажлисларини аудио ва видеода қайд этиш янада кенгайтирилади. Бундай замонавий услубнинг кенг жорий этилиши суд мажлислари тўлиқ қонун талаблари асосида ўтишини таъминлайди. Суд мажлиси ёзилган аудио ёки видеоёзув билан унда қатнашган шахсларни таништириш имконияти берилмоқда.
Ҳозирги кунда туман ва шаҳар иқтисодий судлари фаолият кўрсатмоқда. Вилоят даражасидаги иқтисодий судларда тажрибали судьялар ишлайди. Шунинг учун мураккаб тоифадаги ишларни ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш мақсадида айрим низоларни ҳал этиш вилоят даражасидаги иқтисодий судлар судловига ўтказиладиган бўлди.
Низоларнинг тезкор кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида судловлиликнинг умумий қоидалари ўзгартирилди. Яъни юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан даъво аризалари судга уларнинг рўйхатга олинган жойи бўйича берилади.
Маълумки, юридик шахслар рўйхатдан ўтмаган жойида ҳам, жумладан, турли жойларда фаолият юритиши мумкин. Ҳозирги кунда ишлар юридик шахс жойлашган жойда кўрилади. Айтиб ўтилганидек, улар турли жойларда фаолият юритадиган бўлса, ишни кўришда қатор қийинчиликлар туғилиши мумкин. Бу борада аниқлик киритилгани, яъни корхона ёки ташкилотга оид даъво аризаси улар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилиши суд учун шу субъектдан турли ҳужжатларни олиш, суд иши билан боғлиқ бошқа жараёнларни олиб боришда қулайлик яратади. Шу билан бирга, бу суд ҳужжатини ижро этиш жараёнини ҳам бирмунча енгиллаштиради.
Суд иш юритувига турли соҳаларга оид ишлар келиб тушади. Ҳар соҳанинг, хусусан, судда кўриб чиқилаётган ҳар бир ишнинг ўзига хос томонлари бўлади. Уларга аниқлик киритиш мақсадида айрим ҳолларда экспертиза хулосаси талаб қилинади. Бу эса вақт, маблағ талаб этадиган жараёндир. Айрим низоларни ҳал қилишда эса мутахассиснинг маслаҳати етарли ҳисобланади. Шунинг учун бу борада қулайлик яратиш, суд ишининг белгиланган муддатда кўриб чиқилишини таъминлаш учун иқтисодий суд иш юритувининг иштирокчилари рўйхатига мутахассис киритиладиган бўлди. Ўз соҳасини яхши билган мутахассисдан ишга алоқадор масалаларда маълумот олишнинг ўзиёқ масалага ойдинлик киритади. Бу мутахассис одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахс сифатида судда қатнашади.
Кодексга асосан апелляция ва кассация инстанцияси судларининг иш юзасидан узил-кесил қарор қабул қилиш тартиби жорий этилмоқда. Бунинг моҳияти шундаки, энди апелляция ва кассация инстанцияси судлари келиб тушган ишни аввалгидек қуйи судларга қайтармайди. Ишни ўзи кўриб чиқиб, узил-кесил нуқта қўяди.
Шунингдек, назорат инстанциясида иш юритишни белгиловчи нормалар тубдан қайта кўриб чиқилди. Энди назорат инстанциясида ишлар нафақат Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарларининг протести, балки назорат шикояти асосида ҳам кўриб чиқилади. Бу суд иш юритуви иштирокчиларининг юқори инстанцияга мурожаат қилиш ҳуқуқини кенгайтириб, одил судловга эришиш даражасини оширади.
Кодексда шартномавий (ихтиёрий) вакилларнинг рўйхати ҳам келтирилди. Судда вакил сифатида иш юритиш бўйича профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкин. Бу жамиятда адвокатларнинг ўрни ва роли ошишига ҳам хизмат қилади.
Коммунал тўловлар юзасидан қарздорликни ундириш бўйича ҳам ўзгартиришлар киритилди. Бунда коммунал хизматлар учун ҳақ тўлаш бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаблар билдирилганида суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага қандай ҳужжатлар илова қилиниши зарурлиги белгиланди. Бу қарздорлик асоссиз ва нотўғри ҳисобланишининг олдини олади ва, ўз навбатида, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашади.
Кодексга низоларни тарафларни ўзаро келиштириш асосида ҳал қилишга бағишланган келишув битимига оид янги боб ҳам киритилди. Низоларнинг самарали ҳал қилинишини таъминлаш, тарафлар ўртасидаги муносабатларни сақлаб қолишга қаратилган бундай меъёр аввал қонунчиликда кенг акс эттирилмаган эди. Эндиликда келишув тушунчаси, уни қандай ҳолларда тузиш мумкинлиги битта бобга қамраб олиниб, кенгроқ тушунтириб берилди.
Мухтасар айтганда, Иқтисодий процессуал кодекснинг қабул қилиниши мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини қонун даражасида мустаҳкамлашга, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари суд орқали ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Манба: ЎзА