Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Истиқболли лойиҳалар–амалда
2018-03-29 | Жамият
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 23 августдаги “2017-2021 йилларда кимё саноатини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори асосида соҳа тараққиёти йўлида махсус дастур қабул қилинди. Унда умумий қиймати 3,1 миллиард долларга тенг 43 инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши назарда тутилган.
Хусусан, “Навоийазот” акциядорлик жамиятида аммиак ва карбамид, азот кислотаси, поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш бўйича учта йирик инвестицион лойиҳа тузилиб, аниқ дастурлар асосида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, мазкур завод 1964 йилда фаолият бошлаган. Вақт ўтиши билан технологик ускуна ва қурилмалар ҳам жисмонан, ҳам маънан эскирди. Айни кунда улар кўп миқдордаги электр энергияси ва бошқа табиий ресурсларни сарф қилиш эвазига маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Яъни фойдали иш коэффициенти бугунги даврга мос келмай қолди. Аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш бўйича янги, умумий қиймати 897 миллион доллар бўлган лойиҳа ниҳоясига етгач, бу ерда йилига 660 минг тонна аммиак, 577,5 минг тонна карбамид олиш, улардан тайёрланадиган минерал ўғитлар турини ошириш имконияти пайдо бўлади. Бунинг учун сарф этиладиган табиий неъматлар ҳам тежалади. Япониялик ҳамкорлар (“Mitsubishi Heavy Industries, Ltd”, “Mitsubishi Corporation” компаниялари) билан барпо этилаётган мажмуани 2020 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
– ПВХ, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 500 миллион долларни ташкил этади, – дейди корхона ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Алишер Мирзаев. – Бу ерда 903 янги иш ўрни яратилиб, йилига 100 минг тонна поливинилхлорид, 71,8 минг тонна каустик сода, 300 минг тонна метанол тайёрланади. Хитойнинг “China CAMC Engineering CO., Ltd” компанияси ҳамда мутахассисларимиз томонидан амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишлари жорий йил охиригача якунланади.
Кейинги йил март ойида эса яна бир лойиҳа – азот кислотаси мажмуаси қурилишини ниҳоясига етказиш режалаштирилган. Техник иқтисодий асосларга мувофиқ, умумий қиймати 216,6 миллион долларга тенг ушбу ишлаб чиқариш мажмуаси Швейцариянинг “CASALE SA” компанияси томонидан бунёд этилмоқда. Бу ерда йилига 500 минг тонна хомашё тайёрлаш мумкин бўлади. 122 янги иш ўрни яратилади.
Замонавий технологиялар билан жиҳозланадиган мазкур мажмуалар кимёгарларга маҳсулот ҳажмини ошириш, таннархини арзонлаштириш имконини беради. Халқаро майдонда халқ хўжалигининг турли соҳаларида кимёвий реагентларга эҳтиёж ошаётгани боис, ушбу лойиҳалар юртимиз саноати ривожида муҳим аҳамиятга эга.
Манба: ЎзА