Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Мудофаа вазири Беларус Республикаси ҳарбий делегациясини кутиб олди
2018-03-29 | Сиёсат
27 март куни Ўзбекистон Республикасига расмий ташриф билан Беларус Республикаси Мудофаа вазири генерал-лейтетант Андрей Равков бошчилигидаги ҳарбий делегация келди.
28 март куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов Белоруссия ҳарбий делегациясини қабул қилди.
Учрашувда мудофаа соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати муҳокама қилиниб, истиқболдаги режалар белгилаб олинди. Ўзаро манфаатли ҳамкорликларни кучайтириш борасида фикрлар алмашилди.
Беларус Республикаси Мудофаа вазири Ўзбекистон халқини ўтган Наврўз – Умумхалқ байрами билан чин дилдан муборакбод этиб, мамлакатларимиз ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик йўналишларида ўсиш суръатлари ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, учрашувда мамлакатлараро ҳар томонлама ва кўп режали ҳамкорликни ривожлантиришда катта ютуқлар қўлга киритилгани айтиб ўтилди.
Жумладан, қисқа вақт давомида ҳарбий ҳамкорликнинг ҳуқуқий-меъёрий базасини кенгайтириш борасида салмоқли ишлаш қилинди: Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси ва Беларус Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий академияси ўртасида ҳамкорлик Меморандуми тузилди (2017 йил 20 июлда, Минск шаҳрида), 2018 йилда икки давлат мудофаа вазирликлари ўртасида Ҳарбий ҳамкорлик режаси имзоланиб, унинг доирасида тадбирлар амалга ошириляпти.
Суҳбат давомида меҳмон давлат томонидан Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларининг махсус қўшинлар ўртасида Белоруссияда мунтазам ўтказиб келинаётган «Доблесть и мастерство» мусобақасида иштирок этишига таклиф билдирилди.
Учрашув сўнгида Ўзбекистон ва Белоруссия мудофаа вазирликлари ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик бўйича Битим имзоланди.
Шундан кейин меҳмонлар Қуролли Кучлар академиясининг вазифа ва фаолияти ҳамда малакали ҳарбий кадрларни етиштиришда замонавий ёндашувлар билан яқиндан танишишди.
Шу куни Белорус Республикаси Мудофаа вазири генерал-лейтетант Андрей Равковни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Махмудов қабул қилди.
Шунингдек Белоруссия делегацияси пойтахтимиздаги Мотамсаро она монументига гулчамбарлар қўйиб, бир қатор музей экспозициялари билан танишишди.
29 март куни Белоруссия ҳарбий делегацияси Самарқанд ва Бухоро шаҳарларининг тарихий ва маданий мероси билан яқиндан танишиш учун йўлга чиқади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги