Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қизғин ижодий жараёнларга бағишланди
2018-03-29 | Жамият
Миллий матбуот марказида "Ўзбеккино" миллий агентлиги томонидан миллий кинематографияни янада ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларга оид матбуот анжумани бўлиб ўтди.
"Ўзбеккино" миллий агентлиги бош директори Ф.Зокиров ва бошқалар мамлакатимизда миллий кинематографияни ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Ўтган йили ижодкор зиёлилар, соҳа вакиллари билан бўлган учрашув ва йиғилишларда давлатимиз раҳбари томонидан бу йўналишга оид муҳим вазифалар белгилаб берилди.
"Ўзбеккино" миллий агентлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида агентлик томонидан давлат буюртмаси асосида 11 та бадиий, 5 та мультипликацион, "Зумраша" болалар юмористик киножурналининг 2 та тўплами, 11 та ҳужжатли ва илмий-оммабоп фильмлар ишлаб чиқаришга киришилди.
Шу кунга қадар нодавлат киностудиялар томонидан агентликка фуқаролар ва турли студиялардан жами 30 та бадиий, 25 та ҳужжатли ва 8 та мультфильм сценарийси тақдим этилди. Бадиий кенгаш йиғилишларида кино соҳасидаги долзарб вазифаларни изчил ҳал этишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Нодавлат студиялар томонидан агентликка қилинган мурожаатларга биноан, Республика Киноарбоблари ижодий уюшмаси ишчи гуруҳи томонидан 19 та фильм кўриб чиқилиб, улардан 2 тасини яхшилаш бўйича амалий тавсиялар берилди. Айрим фильмлар эса давлат кинотеатрларида намойиш этишга тавсия этилмади.
Ўтган вақт мобайнида агентликда Туркманистон, Польша, Чехия, Словакия каби мамлакатларнинг дипломатик корпуслари, Европа Иттифоқи делегациясининг юртимиздаги ваколатхонаси вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, кинематография соҳасидаги ҳамкорликнинг янги уфқлари белгиланди.
Қирғизистоннинг "Дан" продюссерлик маркази билан машҳур адиб Чингиз Айтматовнинг 90 йиллигини нишонлаш арафасида ёзувчининг "Сарвқомат дилбарим" асари асосидаги бадиий фильмни ҳамкорликда суратга олишга келишилди. Ҳиндистоннинг "Emmay Entertaintment" продюссерлик компанияси ва "Star TV" телеканали билан Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган кўп серияли фильмни ҳамкорликда суратга олиш бўйича музокаралар бошланган.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда 2018 йил май ойида Францияда ўтказиладиган нуфузли Канн халқаро кинофестивалида Ўзбекистон павильонини ташкил қилиш, унда фильмлар билан иштирок этиш бўйича тайёргарлик кўрилмоқда.
Жорий йилнинг 21-26 март кунлари Россиянинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтган туркий халқлар кинофестивали ўзбек режиссёри Қамара Камолованинг "Йўл бўлсин" фильми билан очилди.
Айни пайтда Япония ва Хитой Халқ Республикасининг кинокомпаниялари билан ҳамкорликда фильмлар ишлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Янги ҳужжатли фильмларнинг тақдимоти бўлиб ўтмоқда. Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Кино саройида, Самарқанд шаҳридаги "Шарқ юлдузи" кинотеатрида ташкил этилган ретрозалларда ўзбек киноси дурдоналарининг мунтазам намойиши бўлиб ўтаётир.
Анжуманда оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Манба: ЎзА