Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Янги мажмуада инновацион лойиҳалар намойиши

2018-03-29 | Технологиялар

Пойтахтимизнинг Сирғали туманидаги «Yoshlar sport city» мажмусида юзга яқин ёшлар ўзларининг инновацион ғоялари, технологиялар ва лойиҳаларини намойиш этиб, ярмарка иштирокчилари эътиборига сазовор бўлди. Айниқса, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг 2-курс талабалари А.Саидов, Т.Турсунпўлатов ва Т.Бобораҳимовнинг «Робот деҳқон» деб номланган лойиҳаси кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

– Талабаларимиз тақдим этган лойиҳа иссиқхоналар учун мўлжалланган бўлиб, унда экиш, парваришлаш, намликни аниқлаш ва суғориш ишлари автоматик тарзда амалга оширилади, – деди университетнинг мехатроника ва робототехника кафедраси мудири М.Абдуллаев. – 2016 йил ташкил этилган кафедрамиз фаолияти ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қуввватлаш, уларнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини тарғиб қилишга қаратилган. Бугунги тадбирга 6 та лойиҳани ҳавола қилдик. 

Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили муносабати билан ташкил этилган мазкур инновацион ярмаркада олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари, талабалар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

«Ўзиккиламчиранглиметалл» акциядорлик жамияти ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир очилишида мамлакат иқтисодиётини тараққий эттириш бевосита бугунги кун инновацион ғоялари, технология ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли тадбирлар билан боғлиқ экани қайд этилди. 

Шу маънода бу ярмарка иқтидорли ва креатив мушоҳада қиладиган ёш олимлар ва талаба-ёшларни кашф этиш, уларга ҳар томонлама кўмак беришда катта аҳамиятга эга. Тадбир корхоналар, илмий ва олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорликда ҳам фойдалидир. 

Тадбир доирасида «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖга қарашли янги «Yoshlar sport city» мажмуасининг очилиш маросими ҳам ўтказилди. 

– Бугун маҳалламизда қўшалоқ байрам бўлди, – деди Сирғали туманидаги Меҳригиё маҳалласида яшовчи Ф.Тўлаганова. – Бир томонда ёш тадқиқотчиларимиз янги ишланмаларини тақдим этаётган бўлса, иккинчи томонда маҳалламиз болалари янги спорт мажмуасининг ишга туширилганидан хурсанд. Ҳаммамиз шу тадбир иштирокчисимиз. Замонавий ва жуда чиройли қилиб барпо этилган бу иншоотда энди маҳалла аҳли, фарзандларимиз теннис, баскетбол, футбол каби спорт турлари билан машғул бўлади. 

Жозибали ва дилтортар куй-қўшиқларга уланган тадбирлар иштирокчилар, ёш тадқиқотчилар ва Меҳригиё маҳалласи аҳлида катта таассурот қолдирди.

 

Насиба Зиёдуллаева, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться