Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Баҳорга мафтун мусаввир
2018-03-29 | Маданият
Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси “Графика” шуъбасининг раиси, таниқли рассом Радик Азизов ижодига бағишланган шахсий кўргазма очилди.
Радик Азизов ижоди тасвирий санъат мухлисларига яхши таниш. Мусаввирнинг асарлари шу пайтгача 100 га яқин халқаро кўргазма ва танловларда намойиш этилган. Мухлисларга хушкайфият улашиш истагини унинг ҳар бир картинасида илғаш мумкин. Мўйқалам соҳиби ҳар йили 1 апрель – Халқаро кулги кунига бағишлаб ўтказиладиган кўргазмаларнинг фаол ташкилотчиси. Радик Азизов “Дунёнинг энг яхши 100 нафар карикатурачиси” рўйхатидан жой олган, энг яхши асарлари “Катта карикатура энциклопедияси”га киритилган.
Мусаввир ишларида ранглар жилоси ўзгача тус олади. Сариқ рангнинг ёрқинлиги, кўк ва қизил рангларнинг уйғунлашуви томошабинга енгил, завқли кайфият улашади. Бироз юмор ва фалсафий руҳ унинг картиналарига ўзгача жозиба бағишлайди.
Рассом ижодида мукаммал профессионализмни бир қарашдаёқ илғаш мумкин. Баҳорга, гўзалликка ошнолиги боис унинг шахсий кўргазмалари айнан Наврўзни етаклаб келадиган шу фаслда бўлиб ўтади. Унинг “Баҳор вернисажи”, “Кулгу калейдоскопи”, “Гўзалликка ошуфта кўнгил” номли шахсий кўргазмалари шулар жумласидан.
Кўргазмада мўйқалам соҳибининг 100 дан ортиқ асари намойиш этилмоқда. Рассомнинг 2018 йилда ишлаган янги асарлари санъат шайдолари қалбига баҳорий илиқлик олиб кириши шубҳасиз.
Кўргазма 13 апрелга қадар давом этади.
Назокат Усмонова, ЎзА
Манба: ЎзА