Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Uzbekistan Industrial exhibitions": Ўзбекистон саноати ютуқлари, илғор тажрибалар намойиши
2018-03-29 | Иқтисодиёт
Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида “Uzbekistan Industrial exhibitions – 2018” халқаро саноат кўргазмалари бошланди.
Халқаро намойишда Ўзбекистон саноати ва иқтисодиётида амалга оширилаётган кенг кўламли ижобий ўзгаришлар ўз аксини топган. Бу мамлакатимизда ўтказилаётган кўргазмаларга хориж ишбилармон доира вакилларининг қизиқиши ортаётганида, қулай ишбилармонлик муҳити самарасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар сафи ва маҳсулотлар тури кенгаяётганида ҳам яққол кўзга ташланади.
Кўргазмаларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан бирга Хитой, Жанубий Корея, Россия, Туркия, Германия, Словакия, Украина, Беларусь, Ҳиндистон, Польша, Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардан 100 га яқин компания маҳсулотлари ва хизматлари намойиш этилмоқда.
Мазкур кўргазмада иштирокчилар сони 2017 йилга нисбатан 40 фоизга кўпайди. Айниқса, Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон ва Туркия давлати саноатчилари Ўзбекистонга катта қизиқиш билдирмоқда.
“UzMiningExpo” халқаро кўргазмасида ерости табиий бойликларини қазиб олиш ва уларни қайта ишлаш мажмуи учун асбоб-ускуналар, бойитувчи ва ташувчи технологиялар, истиқболли хизматлар намойиш этилмоқда.
Тоғ-кон иши мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий тармоқларидан биридир. Шу боис, Ўзбекистонда тоғ-кон саноати корхоналарини техник жиҳозлаш, технологияларни такомиллаштириш борасида яхши тажриба тўпланган. Шунингдек, соҳага жалб этилаётган инвестициялар, саноатга энг замонавий технологиялар жорий этилиши изчил ривожланиш омили ҳисобланади.
– Тоғ-кон маҳсулотларини саралаш, уларни майдалашда қўлланиладиган асбоб-ускуналар ишлаб чиқарамиз, – дейди “KSC Metallurgy Private Limited” компанияси директори Сварн Капур (Ҳиндистон). – Ўзбекистонга биринчи бор келиб, бу кўргазмада иштирок этаяпмиз. Келажакда ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликда ишлашни режалаштирганмиз.
“UzTechTransExpo” экспозицияси йўл-қурилиш соҳаси мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди. Бу ерда махсус техникалар, автомобиль бутловчи қисмлари, транспорт ва логистика, омбор мажмуаларидан фойдаланиш хизматлари кўргазмага қўйилган.
Халқаро кўргазмадан ўрин олган “UzSecureExpo” экспозицияси маҳсулотлари ҳам эътиборга молик. Унда саноат объектларида хавфсизликни таъминлаш техник воситалари, огоҳлантириш тизимлари, комплекс хавфсизликни таъминлаш жиҳозлари, рациялар, шахсий ҳимоя воситалари, ўт ўчиргичлар, аудио ва видео кузатув, техника, технологиялар, ҳалокат ва офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш жиҳозлари намойиш этилмоқда.
– Интеллектуал хавфсизлик тизимини назорат қилиш учун дастурий технология ва қурилмалар ишлаб чиқарамиз. Улар асосида мижозларимизга энг замонавий хавфсизлик ечимини таклиф қиламиз, – дейди “ABL-Soft&SS” компанияси директори ўринбосари Шерзод Олимов. – Бугун етти турдаги маҳсулот намойиш этаяпмиз. Булар одамларни юзидан шахсини ва бармоқ изини аниқлайдиган, таълим соҳасида қўлланиладиган электрон давомат қурилмалари, ахборот киоск, автомобиль йўллари ва иншоотлари учун видеокузатув, жаримага тортилиб, қидирувда бўлган автомобилларни аниқлаш мосламаларидир. Маҳсулотларимизга талаб юқори. Бу кўргазмада ўзимизга янги ҳамкорлар топамиз, деган умиддамиз.
“UzMetalMashExpo” кўргазмасида металлургия, металлга ишлов бериш, ускунасозлик технологиялари ҳам намойиш этилаётир. Бу саноатнинг ривожланиш тенденцияларини шакллантириш, маҳаллий саноатчилар билан хорижлик мутахассислар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
“Uzbekistan Industrial exhibitions – 2018” халқаро саноат кўргазмаларида “UzChemPlastExpo” ва “InterPackExpo” экспозицияси ҳам алоҳида ажралиб турибди. Уларда кимё саноати ҳамда қадоқлаш, полиграфия технологиялари иштирокчилар эътиборига ҳавола этилган.
“Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида яна бир халқаро тадбир – “Чарм, пойабзал, кийим ва аксессуарлар" кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Маҳаллий корхоналар вакиллари, хорижлик тадбиркорлар томонидан замонавий дизайн асосида яратилган маҳсулотлар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Улуғбек Асроров, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА