Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Банк тизими, ўрмон хўжалигига оид масалалар сенаторлар эътиборида
2018-03-28 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси олдидан Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари ҳамда Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмиталари йиғилишлари бўлиб ўтди.
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақидаги масала кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, банк тизимининг капиталлашув даражасини ошириш, унинг ликвидлиги ва барқарорлигини кучайтириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида ҳисобот йилида тижорат банкларининг умумий капитали 2,3 баравар ошган ва 20,7 триллион сўмни ташкил этган. Тижорат банкларининг жалб қилинган депозитлари 58,7 триллион сўмни ташкил этган. Банклар активларининг умумий ҳажми 23,3 фоизга ошган ва 2018 йил 1 январь ҳолатига 80,4 триллион сўмни ташкил этган.
Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси йиғилишида асосий эътибор янги таҳрирдаги «Ўрмон хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳақидаги масалага қаратилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимиз ер майдонининг тўртдан бир қисми ўрмон фонди ерларидир. 90-йиллар бошида давлат ўрмон фонди ерлари ҳажми республика умумий ер майдонининг бор-йўғи беш фоизини ташкил этган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 25,2 фоизни ташкил этмоқда. Ўрмон фондининг 300 дан ортиқ ўсимлик ва 180 дан ортиқ ҳайвон турлари «Қизил китоб»га киритилган.
Қонун билан Ўрмон хўжалиги ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмиталарининг ўрмон хўжалиги саҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда.
Қўмиталар йиғилишларида ялпи мажлис кун тартибига киритилган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Норгул Абдураимова, ЎзА
Манба: ЎзА